
АҚШ президенти Доналд Трамп тез орада Қатар амири томонидан ўта ҳашаматли Boeing 747-8 реактив самолётини қабул қилиб олади. ABC News нашрининг Оқ уйдаги манбаларига асосланиб хабар беришича, бу ҳадя АҚШ тарихида хорижий давлат раҳбари томонидан қилинган энг қимматбаҳо совға сифатида қайд этилиши мумкин.
Қатар амири Трампга мазкур «учувчи қаср»ни АҚШ президентининг шу ҳафта Қатарга амалга оширадиган ташрифи чоғида расмий равишда топшириши режалаштирилган. 13 йилдан буён парвоз қилувчи Boeing 747-8 самолёти юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизлик талабларига жавоб бериш учун қайта жиҳозланиб, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари балансига ўтказилади.

Самолётнинг ичидаги шоҳона интерьер ҳақида аввалроқ хабар қилинган ва экспертлар унинг нархини камида 400 миллион долларга баҳоламоқда. Ҳашамат ва қулайлик жиҳатидан бу самолёт ҳақиқий «учувчи қаср»га қиёсланмоқда. Boeing 747-8 самолёти, барча қулайликларга эга бўлиб, тўлиқ ётоқли хона, дам олиш учун махсус ҳудудлар, ҳамда замонавий мультимедиа тизимлари билан жиҳозланган.
Ўтган февраль ойида Доналд Трамп Уэст-Палм-Бич аэропортида мазкур самолётни шахсан кўздан кечирган ва унинг интерьеридан катта таассурот олганди. АҚШ президенти бу қимматбаҳо совғадан ўзининг президентлик муддати якунига қадар Air Force One сифатида фойдаланади. Муддати тугагач, самолётнинг мулкий ҳуқуқлари Трампнинг Президентлик кутубхонаси жамғармасига ўтади.

Айтиш жоизки, мазкур қимматбаҳо совға Оқ уй ва АҚШ Адлия вазирлиги томонидан чуқур таҳлил қилинган ва уни қабул қилишда қонунчилик жиҳатидан ҳеч қандай муаммо йўқлиги маълум қилинган. Экспертлар бу ҳаракат порахўрликка қарши қонунчилик ёки АҚШ Конституциясида белгилаб қўйилган хорижий давлатлардан совға қабул қилиш бўйича чекловларга зид эмаслигини тасдиқлашган.
Мазкур воқеа бутун дунё ОАВларида катта муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Қатар томонининг бундай йирик ва қимматбаҳо совғаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши мумкин.
Zamin.uz таҳририяти вазиятни диққат билан кузатиб боради ва янгиликларни мунтазам етказиб туради.
Фото: Getty Images «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар