
Аргентина Олий суди биносининг ертўласида нацистлар Германияси даврига оид тарғибот материаллари сақланган қутилар топилди. Бу ҳақда Перфил нашри хабар тарқатмоқда.
«Олий суд архивида ғайриоддий топилмага дуч келинди. Суднинг ходимлари архивни бошқа жойга кўчираётган пайтда бир нечта қутиларга эътибор қаратган. Ушбу қутиларнинг ичидаги материаллар кўздан кечирилганидан сўнг, улар Адолф Гитлернинг ғояларини Аргентинада тарқатишга йўналтирилган тарғибот воситалари экани маълум бўлди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, топилган материаллар орасида Учинчи рейхнинг откриткалари, фотосуратлари ва пропаганда плакатлари ҳам бор бўлиб, улар Германиянинг Токиодаги элчихонаси томонидан 1941 йилнинг 20 июнида Аргентинага жўнатилган. Ўша пайтда юборилган қутилар элчихона ходимларининг шахсий буюмлари деб кўрсатилганига қарамай, ушбу юк маҳаллий ҳукумат органлари томонидан тўхтатилган. Натижада, Буэнос-Айрес федерал судининг қарори билан материаллар мусодара қилиниб, иш кўриб чиқиш учун Олий судга топширилган. Ўша кундан бошлаб ушбу қутилар суд биносининг ертўласида унутилган ҳолда сақланиб келган.
Шу билан бир қаторда, яқин вақтда Адолф Гитлернинг ФСБ архивида сақланаётган жағ суягининг сурати ҳам эълон қилинган эди. Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачеванинг таъкидлашича, бу суяк Гитлер умрининг сўнгги кунларини Аргентинада эмас, балки бошқа бир жойда ўтказганининг энг асосий ва ишончли далили ҳисобланади.
Ҳозирда топилган материаллар тарихи ва келиб чиқишини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бу топилмалар нацист Германиясининг Аргентинадаги таъсири ва тарихий ролини яна бир бор ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар