date
views 109

"Дунёдаги энг камтар президент": Хосе Мухика 89 ёшида вафот этди

"Дунёдаги энг камтар президент": Хосе Мухика 89 ёшида вафот этди
13 май куни Уругвайда миллий мотам руҳияти ҳукм сурди – мамлакатнинг собиқ президенти, бутун дунёда «энг камтар раҳбар» сифатида танилган Хосе Мухика 89 ёшида оламдан ўтди. Мухика бу йил 20 май куни 90 ёшни қарши олган бўларди.

Мухикада саратон касаллиги 2024 йилда аниқланган. Ўша пайтда у ўз ҳолати ҳақида очиқча маълумот бериб, даволанишдан ҳеч қандай драматизмсиз воз кечишини эълон қилганди. 2025 йил бошида эса метастазлар сабабли терапияни тўхтатишга қарор қилган. Буни у жамоатчилик олдида – ҳар доимгидек, тиниқ ва шижоатли сўзлар билан баён қилганди.

Хосе Мухика сўнги кунларигача ўзининг кичик ферма хонадонида, хайвонотлар бағрида ҳаёт кечирди. У ҳеч қачон президентлик саройида яшамади, давлат мақоми учун давлат маблағини исроф қилмади ва президентлик маошини ҳам асосан эҳтиёжмандларга эҳсон қилиб борди.

Қамоқдан то мамлакат раҳбарлигигача
Хосе Мухиканинг ҳаёти – воқеликдаги роман. Сиёсий фаолиятини радикал сўл қарашли «Тупомарос» ҳаракатида бошлаган. У ҳарбий диктатурага қарши фаол кураш олиб борган. Фаолияти сабаб бир неча марта ҳибсга олинган ва ҳатто умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аммо у бу мураккаб йўлдан ўтиб, 14 йиллик қамоқдан кейин янги ҳаётни бошлаган.

Озодликка чиққач, у сиёсий ҳаётга қайта қадам ташлади – аввалига депутат, сўнгра сенатор ва қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият юритди. 2009 йилдаги сайловда ғалаба қозониб, Уругвай президентига айланди.

"Камбағал президент"нинг бой мероси
Мухика раҳбарлик қилган беш йил ичида Уругвай иқтисодиёти барқарор ривожланди, камбағаллик даражаси анча пасайди, ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқлари масалаларида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Унинг фаолияти дунёдаги кўплаб сиёсатчилар учун ибрат намунаси сифатида кўрсатилди.

Президентлик муддати тугагач, у Сенатга қайтди, лекин кўп ўтмай, расман нафақага чиқди ва ўз ихтиёри билан давлатдан ҳар ойлик тўланиши керак бўлган тўловлардан воз кечди.

Мухиканинг сўнгги сўзларидан бири: «Мен бой эмасман, лекин бахтлиман. Менда кам нарса бор, лекин шукронам катта» деган ибора бўлди. У бу гапи билан ҳам миллионлаб инсонларга ҳаёт фалсафасини ўргатиб кетди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » "Дунёдаги энг камтар президент": Хосе Мухика 89 ёшида вафот этди