
Россия президенти Владимир Путин Украина билан Истанбулда ўтадиган тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этадиган расмий делегация таркибини тасдиқлади. Кремль матбуот хизмати ушбу қарор юзасидан махсус фармойиш матнини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, делегацияга Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади. У музокараларда аллақачон тажрибага эга шахс ҳисобланади. Унга ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Россия армияси Бош штаби бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин ҳамроҳлик қилади.
Шунингдек, Путин томонидан тасдиқланган “экспертлар гуруҳи” ҳам музокараларда иштирок этади. Улар орасида Россия Қуролли кучлари Бош штаби ахборот бошқармаси бошлиғи ўринбосари Александр Зорин, Кремльнинг гуманитар сиёсат масалалари бўйича бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Елена Подобреевская, ТИВнинг МДҲ мамлакатлари бўйича иккинчи департаменти директори Алексей Полишук ва Мудофаа вазирлиги халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Виктор Шевцов каби шахслар бор.
Қизиғи шундаки, фармойишда Россия президентининг ўзи ҳақида ҳеч қандай тилга олинмаган — у музокараларда шахсан иштирок этадими-йўқми, ҳозирча номаълум.
15 май, пайшанба куни Истанбулда старт оладиган мазкур музокаралар — Москва ва Киев ўртасида 2022 йил баҳоридан буён ўтадиган биринчи тўғридан-тўғри учрашув бўлади. Орадан икки йилга яқин вақт ўтгач, томонлар яна тинчлик имконини муҳокама қилиш учун бир жойга йиғилишмоқда.
Музокаралар ўтказилиши ҳақидаги ташаббус Владимир Путин томонидан илгари сурилгани алоҳида қайд этилган. Украина президенти Володимир Зеленский эса бир неча кун олдин ушбу учрашувга тайёр эканлигини очиқ баён қилган.
Музокаралардан нималар кутиляпти? Россиянинг бу сафарги делегацияси нималар таклиф қилади? Жавоблар Истанбулда аниқлашади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар