date
views 166

Гусейн Гасанов солиқ иши бўйича қидирувда: блогер сиртдан ҳибсга олинди

Гусейн Гасанов солиқ иши бўйича қидирувда: блогер сиртдан ҳибсга олинди
Россияда машҳур видеоблогер ва интернет тадбиркори Гусейн Гасановга нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва у федерал қидирувга берилди. Терговчиларнинг маълумотларига кўра, Гасанов катта миқдорда солиқ тўлашдан бош тортганликда ва ноқонуний даромадларни ювишда айбланмоқда. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Расмий маълумотларга кўра, блогер 2019–2021 йиллар оралиғида 170 миллион рублдан ортиқ солиқларни тўламаган. Шунингдек, шундан 20 миллион рубль миқдоридаги маблағни қонуний равишда ювгани (легаллаштиргани) аниқланган. Тергов қўмитасига кўра, Гасанов ҳозирда хорижда экани ва Россия ҳудудини тарк этгани қайд этилган.

Прокуратуранинг баёнотида айтилишича, блогер фаолиятидан келиб тушган даромадларни расман якка тартибдаги тадбиркор сифатида эмас, балки қариндошлари ва танишларининг шахсий банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширган. Келган пуллар кейинчалик ечиб олиниб, ёки нақд пул кўринишида Гасановнинг ўзига топширилган, ёхуд унинг шахсий ҳисоб рақамларига ўтказилган.

Тергов натижасида Гасановга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 174.1-моддаси, 4-қисми "б" банди (жиноят йўли билан олинган катта миқдордаги пул ёки мулкни қонунийлаштириш) бўйича сиртдан айблов эълон қилинди. Бундай жиноят учун жуда катта жарима — 1 миллион рубль ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Гусейн Гасанов бу ҳолатга муносабат билдирди

Блогер ўзининг ижтимоий тармоқларида шундай ёзди:
“Янгиликларни кўрдим. Ҳа, сиртдан қамоққа олиш баланд гапдек эшитилади, аммо аслида бу қадар драматик эмас. Солиқ бўйича барча масалалар 2023 йилнинг ўзидаёқ ёпилган. Ҳозирда ҳуқуқшуносларим бу иш билан шуғулланмоқда. Ҳаммаси ҳал бўлади ва нуқта қўйилади”.

У ўзини солиқдан қочганликда айблашлар ҳақида қуйидагича изоҳ берди:
“ОАВда мен солиқ тўламадим деб ёзиляпти. Лекин мен 320 миллион рубль жарима билан бирга барча солиқларни тўладим. Бу ерда кимгадир ёқмай қолган бўлсам керак... Кимки бировга чоҳ қазса, ўзи унга тушади”.

Маълумот учун:
Гусейн Гасанов — “Миллионер тафаккури” онлайн курси асосчиси, йирик инфлюенсер ва бизнес-ментор сифатида танилган. Унинг Instagram саҳифасида 30 миллиондан ортиқ, YouTube каналининг эса 1,37 миллион обуначиси бор. Унинг шахсий бренди Россиядаги энг таниқли ва тижорат жиҳатдан даромадли интернет фаолиятлардан бири ҳисобланади.

Zamin.uz таҳририяти мазкур воқеа атрофида ривожланаётган барча янгиликларни кузатишда давом этади. Гасановнинг иши фақат шахсий эмас, балки инфлюенсерлар фаолиятида шаффофлик ва қонунийлик ҳақидаги кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гусейн Гасанов солиқ иши бўйича қидирувда: блогер сиртдан ҳибсга олинди