
Япония пойтахти Токио шаҳрида бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда гумон қилиниб, 5 нафар ўзбекистонлик эркак қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаси – Tokyo Reporter нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 30 декабрида Токио марказидаги Шибуя туманида 21 ёшли Ҳасанбой Дўсматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ёшлар уч нафар хорижлик сайёҳга ҳужум қилган. Дўсматов улардан бирининг юзига зарба бериб, уни ерга йиқитган. Сўнгра унинг шериклари жабрланганларнинг пул ҳамёнлари ва сумкаларини олиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳужум оқибатида умумий қиймати 210 минг иена (тахминан 1400 АҚШ доллари) бўлган шахсий буюмлар ўғирланган.
Айни вақтда ушбу жиноят юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Ҳасанбой Дўсматов полиция билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган ҳолда: “Адвокатим келмагунча ҳеч нарса гапирмайман”, дея маълум қилган. У билан бирга ҳибсга олинган бошқа тўрт нафар гумонланувчи эса ўзларига қўйилган айбларни кескин рад қилмоқда.
Полиция ходимларининг айтишича, ушбу беш кишидан тўрт нафари, шу жумладан гуруҳ етакчиси ҳисобланган Ҳасанбой Дўсматов ҳам Японияда қонунга хилоф тарзда истиқомат қилиб келгани аниқланган. Тергов жараёнида маълум бўлишича, бу гуруҳ 2023 йил август ойидан буён Токио шаҳрининг энг гавжум нуқталари – Шибуя ва Шинжуку каби туманларда кўча ва бекатларда ухлаб ётган ёки маст ҳолатда бўлган фуқароларни нишонга олиб, уларнинг шахсий ашёлари ва пул маблағларини талон-торож қилиш билан шуғулланган.
Ушбу жиноий гуруҳнинг режаси бундан ҳам кенгроқ бўлган. Маълум қилинишича, улар жабрланганлардан ўғирланган кредит карталари орқали кўп миқдорда iPhone смартфонларини харид қилган. Кейинчалик бу смартфонлар қайта сотилган ва шу йўл билан тахминан 8 миллион иена (55 минг АҚШ долларидан зиёд) даромад кўрилган.
Жиноий гуруҳнинг етакчиси деб гумон қилинган Ҳасанбой Дўсматов, ҳар бир жиноятни режалаштириш ва унинг амалга ошириш вақтларини Telegram иловаси орқали ўз шерикларига хабар қилиб турган. Бу орқали улар ўз ҳаракатларини синхронлаштириб, ҳужумларни тез ва осон амалга оширганлар.
Ҳозирда тергов органлари ушбу жиноятларга алоқадор бўлган шахсларнинг айбига аниқлик киритмоқда. Шунингдек, уларнинг Токио шаҳар ҳудудида бошқа кўплаб шу каби жиноятларга ҳам алоқадорлиги гумон қилинмоқда.
Zamin.uz таҳририяти воқеанинг тафсилотлари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этишда давом этади. Бундай ҳолатлар юртдошларимизнинг хориждаги обрўсига қандай таъсир қилади? Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
Токио ЖиноятлариЎзбек ЁшлариҲасанбой ДўсматовХорижда ОбруЖиноят Содир ЭтишПолиция Тергуви Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар