
Россия ва Украина ўртасидаги навбатдаги музокаралар ҳафсалани пир қилувчи натижа билан якунланди. Тинчлик ҳақида ҳеч қандай амалий келишув қайд этилмади. Фақат томонлар "кейинчалик яна келишиб кўрамиз" деган умумий ва аниқ бўлмаган фикрда бир тўхтамга келишди. Ягона жиддий келишув — 1000 нафаргача асирларни алмашиш ҳақида бўлди.
“Биз уруш истамаймиз, лекин...”
Россия делегацияси раҳбари, тарихчи ва собиқ маданият вазири Владимир Мединский музокара давомида ўзининг тарихга мойиллигини яна бир бор намоён қилди. Унинг сўзларига қараганда, Россия урушни истамайди, бироқ "бир йил, икки, уч — қанча керак бўлса ҳам урушишга тайёр". У ҳатто Швеция билан 21 йил давом этган урушни мисол келтириб:
“Биз абадий урушишга тайёрмиз. Сиз-чи?” — дея украин делегациясига мурожаат қилган.
Унинг таъкидлашича, бу музокара стол атрофида ўтирганлардан янада кўпроқ қурбонлар талаб қилиши мумкин, аммо бу Россияни тўхтатмайди.
Суми ва Харкив ҳақида таҳдид
The Economist нашри мухбири Оливер Кэрролнинг ёзишича, музокара давомида Россия делегацияси Суми вилоятида буфер зона яратиш, ҳатто зарурат туғилса, Суми ва Харкивни эгаллаб олиш билан таҳдид қилган. Бу маълумот украиналик депутат Алексей Гончаренко томонидан ҳам тасдиқланган.
30 кунлик ўт очиш рад этилди
Киев делегацияси томонидан 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифи билдирилган бўлса-да, Россия томони буни кескин рад этган. Уларга кўра, бундай янглиш қадамлар тарихдан хабардор бўлмаганлар томонидан қўйилади. Мединский, ҳатто Россия телеканалларидан бирига берган интервьюсида буни таъкидлаб, тарихий мисол сифатида Бисмаркни ҳам тилга олди. Унинг фикрича, уруш ва музокаралар доим бирга давом этган.
Фақат асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилди
Урушни тўхтатиш бўйича ҳеч қандай амалий натижага эришилмади. Аммо Россия ва Украина 1000 нафаргача асирларни алмашиш борасида келишувга эришди. Бу — музокаранинг ягона амалий натижаси сифатида қайд этилди.
Zamin.uz таҳририятидан:
Тинчлик музокаралари керакли натижаларга эмас, балки тарихий баҳслар ва кескин баёнотларга бой учрашувга айланмоқда. Жаноб Мединскийнинг гаплари — дипломатик мулоқотдан кўра, тарихий маърузани эслатади. Агар тинчлик ҳақида реал қадамлар ташланмаса, бу фақат минбар орқали гаплар бўлиб қолади, холос.
Сиз бу музокара ҳақида нима деб ўйлайсиз? Сизгача етиб келган энг ишончли ечим қайси, деб ҳисоблайсиз? Тарих ҳақида маъруза ўқиш вақти эмасмикан? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар