date
views 625

Ғазодаги вазият бўйича Исроилга учта давлатдан санкция таҳдиди янгради

Ғазодаги вазият бўйича Исроилга учта давлатдан санкция таҳдиди янгради
Буюк Британия, Франция ва Канада ҳукуматлари Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари юзасидан жиддий баёнот билан чиқди. Reuters ёзишича, агар Исроил қуролли ҳужумларини тўхтатмаса ва гуманитар ёрдамга қўйилган чекловларни бекор қилмаса, унга қарши санкция киритилади.

Қўшма баёнотда таъкидланишича: “Биз ҳар доим Исроилнинг ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаганмиз. Аммо бу кескинлашув мутлақо номутаносиб ва халқаро ҳуқуқни бузиш сифатида баҳоланиши мумкин”. Шунингдек, Ғарбий соҳилда янги аҳоли пунктларини ташкил этишга қаратилган ҳаракатларга ҳам қаршилик билдирилди.

Бу баёнот Исроил 16 май куни “Гидеон аравалари” деб номланган янги қуролли операция бошлаганидан сўнг эълон қилинди. Бош вазир Бинямин Нетаньяху Ғазони тўлиқ назорат остига олиш ниятини маълум қилган эди. Халқаро экспертлар эса анклавда очарчилик хавфи ортиб бораётганини аввалдан айтиб келмоқда.

Баёнотда таъкидланишича, Ғазо сингари ўта оғир гуманитар вазиятда тинч аҳолига ёрдам кўрсатишдан бош тортиш халқаро меъёрларга зид ҳаракат ҳисобланади. Бу вазиятда Лондон, Оттава ва Париж “ҳеч қандай иккилланмасдан” санкция каби кескин чораларни қўллашга тайёрлигини билдирди.

Бу баёнотга жавобан Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху қуйидагича баёнот берди:

“Лондон, Париж ва Оттава 7 октябрда Исроилга қарши амалга оширилган қирғунчиликка мукофот таклиф қилмоқда. Бу таҳдидлар яна шунга ўхшаш ваҳшийликларга йўл очади. Исроил тўлиқ ғалабага эришмагунча урушни тўхтатмайди, гаровда қолганлар озод қилинади, Ғазо эса демилитаризация қилинади”.

ҲАМАС эса уч давлатнинг бу баёнотини “қамал ва очарчилик сиёсатига бўлган принципиал қаршилик” сифатида олқишлади.

Маълумотларга кўра, Исроил 2 мартдан бери Ғазога гуманитар ёрдам киришини тўхтатган. Бу давр мобайнида камида 57 нафар бола ҳалок бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, бу кўрсаткич янада ошиб бориши мумкин.

Zamin.uz таҳририяти халқаро муносабатлар ва Ғазодаги воқеалар ривожини диққат билан кузатишда давом этади. Сиз бу таҳдидлар муаммони ҳал қилишда қанчалик самарали бўлади, деб ўйлайсиз?

Фото: Reuters
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазодаги вазият бўйича Исроилга учта давлатдан санкция таҳдиди янгради