
Россия президенти Владимир Путиннинг 20 май куни амалий ташриф билан Курск вилоятига келган вақтида ушбу ҳудуд Украина қуролли кучлари томонидан кенг кўламли дронлар ҳужумига учради. Россия оммавий ахборот воситалари ёзганидек, президент сафар пайтида ҳаводаги хавфни ўз кўзи билан кўрди.
Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мазкур ҳужумга тезкор жавоб қайтарди. Расмий маълумотларга кўра, Курск осмонида 46 та дрон аниқланиб, уларнинг барчаси йўқ қилинган. Бу ҳақда ҳаво мудофааси дивизияси қўмондони Юрий Дашкин маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида президент вертолёти дронлар ҳаракатланиш марказида бўлган.
— Путин ҳудудда бўлиб турган вақтда Украина томони дронлар орқали мисли кўрилмаган миқёсдаги ҳужумни амалга оширди. Самолёт шаклидаги 46 та дронни йўқ қилишга эришилди, — деган Дашкин журналистлар билан суҳбатда.
Президент Курскда нима қилди?
Путиннинг Курскка ташрифи расман 21 май куни эълон қилинди. Сафар доирасида у ҳудудда фаолият юритаётган курс кўнгиллилари билан учрашди, шунингдек, қурилиши кетаяётган АЭС-2 объектига ташриф буюрди. Шу куни президент вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн билан ҳам мулоқот ўтказди.
Ушбу ташриф Путиннинг уруш бошланганидан буён Курск вилоятига қилган иккинчи расмий бориши бўлди. Илк ташриф 2024 йил март ойида амалга оширилган бўлиб, ўшанда президент фронтдаги воқелик билан танишганди. Қизиқ томони, бу Украина Қуролли кучлари 2024 йил 14 августда мазкур йўналишда ҳужум бошлаганидан кейинги илк ташриф саналади.
Курскдаги фронт қандай бошланган эди?
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 6 августда Украина армияси Россиянинг Курск вилоятида ҳарбий ҳаракатларни бошлаганини маълум қилган. Қўшни мамлакат ҳужумлари оқибатида 12 августга келиб 28 та аҳоли пункти Украина назоратига ўтгани ҳақида губернатор вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов билдирган эди.
2025 йил бошларида Россия Мудофаа вазирлиги Украина томони умумий 1 268 км² ҳудудни эгаллаб олганини маълум қилган. Бу эса вилоятнинг тахминан 4 фоиз қисмига тўғри келади (Курск вилояти умумий майдони — 29,9 минг км²). Январь ва февраль ойларида босқичма-босқич жавоб ҳаракатлари олиб борилиб, жанглар натижасида 64 фоиз ҳудуд Россия назоратига қайтарилгани айтилди.
Зеленский ва Путиннинг қарама-қарши баёнотлари
Украина президенти Владимир Зеленский Курскдаги операцияни Россия ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш, ҳужумлар салоҳиятини чеклаш ва буфер ҳудуд яратиш деб таърифлаган. Апрель ойида эса Владимир Путин Курск вилояти тўлиқ “озод этилгани”ни эълон қилди. Аммо Украина томони вилоятдаги жанглар ҳали ҳам тўхтамаганини таъкидламоқда.
Курскдаги сўнгги ҳодисалар, айниқса Путин ташрифи давомидаги дронлар ҳужуми, минтақада вазият яна кескинлашганини кўрсатмоқда. Россия томони мудофаа тизимининг самарадорлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, Украина эса фронтни босим остида ушлаб туришга интилаётганини билдирмоқда. Сиёсий ва ҳарбий зиддият давом этаётган бир пайтда, ҳар бир ҳужум ва ташриф халқаро ҳамжамият эътиборида қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар