date
views 270

Япония кемаси Россия билан баҳсли ҳудудда пулемётдан ўқ узди!

Япония кемаси Россия билан баҳсли ҳудудда пулемётдан ўқ узди!
Япония соҳилни қўриқлаш хизматининг патрул кемаси 23 май куни Ҳоккайдо ороли яқинида, Россиянинг Сахалин вилоятига қарашли Кунашир ороли атрофидаги баҳсли ҳудудда тўсатдан пулемётдан ўқ узиб, ҳарбий машғулот ўтказгани хабар қилинди.

Япониянинг машҳур телеканали NHK тарқатган хабарга кўра, патрул кемаси олдиндан ҳеч қандай навигация огоҳлантириши бермасдан, ушбу минтақада ўқув машғулотлари олиб борган ва пулемётдан 66 марта ўқ узган. Кема экипажи ўз хатоларини тушуниб етгач, вазиятнинг жиддийлигини англаб, дарҳол машғулотни тўхтатган.

Бу ҳодиса кўпчиликда жиддий хавотирларни уйғотди. Чунки машғулот ўтказилган ҳудуд Япония ва Россия ўртасидаги тарихий баҳсли ҳудуд — Курил ороллари архипелагида жойлашган бўлиб, ундаги энг йирик ороллардан бири бўлган Кунашир оролига жуда яқин масофададир.

Ҳодиса юзасидан Япония соҳилни қўриқлаш хизмати дарҳол чора кўришга ваъда берди. Хизмат мутасаддилари бу каби ҳолатларнинг келгусида такрорланмаслиги учун қатъий чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилишди. Шунингдек, хизмат ходимлари хавфсизлик ва навигация масалалари бўйича қўшимча тайёргарликдан ўтиши шарт экани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Кунашир ороли узоқ йиллардан буён Россия ва Япония ўртасидаги ҳудудий баҳснинг марказий нуқталаридан бири ҳисобланади. Иккала давлат ҳам ушбу оролларга ўз ҳуқуқларини даъво қилади. Бу ҳудуд атрофида ҳар қандай ҳарбий фаолият икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Япония соҳилни қўриқлаш хизмати томонидан амалга оширилган бундай огоҳлантиришсиз машғулот жамоатчилик ва халқаро кузатувчиларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.

Мутахассислар ушбу воқеанинг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир ўтказиши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис, икки давлат дипломатлари вазиятни кескинлаштирмаслик ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли музокаралар олиб бориши муҳим ҳисобланади.

Ҳозирча Россия томонидан расмий муносабат билдирилмади. Аммо, воқеанинг халқаро даражадаги акс-садоси кутилмоқда. Зеро, баҳсли ҳудудларда ҳарбий характердаги ҳатти-ҳаракатлар доимо жиддий сиёсий муносабатларга сабаб бўлган.

Бу воқеа икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг яна бир бор синовдан ўтишига сабаб бўладиган кўринади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Япония кемаси Россия билан баҳсли ҳудудда пулемётдан ўқ узди!