
Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув девона суръатда давом этар экан, йўқотишлар сони ҳам кескин ошиб бормоқда. Украина Қуролли кучлари бош штаби томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён Россия томони миллионга яқин ҳарбий хизматчисини йўқотган. Бу рақам ҳалок бўлганлар, ярадорлар, бедарак йўқолганлар ва асирга тушганларни ўз ичига олади.
Ҳар икки томон урушдаги аниқ йўқотишлар сонини расман ошкор этмаётган бўлса-да, Украина расмийлари ҳар куни фронтдаги вазият ва йўқотишлар бўйича маълумотлар бериб бормоқда. Украина президенти Владимир Зеленский бу йилнинг февраль ойида берган баёнотида 46 мингдан ортиқ украиналик аскар ҳалок бўлганини эълон қилган. Шунингдек, тахминан 380 мингга яқин ҳарбий яраланган, “ўн минглаб” аскарлар эса бедарак йўқолган ёки асирликда экани айтилмоқда.
Россия томонидаги аниқ йўқотишлар ҳақида эса расмий сўз бор йўғи шундай: Россия мудофаа вазирининг ўринбосари Анна Сивилева 2024 йил охиридаги чиқишида, бедарак йўқолган аскарларнинг қариндошларидан 48 мингта ДНК намунаси олинганини маълум қилган. Бунинг ўзиёқ, жанг майдонларида йўқотишлар қанчалик кенг қамровли эканини англатади.
Айни пайтда, Украина ҳарбий раҳбарияти Россия томонидан янги ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганини тахмин қилмоқда. Жанговар ҳаракатлар, хусусан, 1000 километрдан ортиқ фронт чизиғи бўйлаб, фаоллашиб бормоқда. Бахмут, Авдеевка ва Донецк вилоятларининг бошқа нуқталарида уруш янада шиддат билан давом этмоқда.
Американинг “Урушни ўрганиш институти” (ISW) таҳлилий марказининг маълум қилишича, Москва Донецк вилоятининг Киев назоратида қолган қисмини тўлиқ эгаллашни ўзининг стратегик устувор мақсади деб билади. Россиянинг бу мақсади 2014 йилда Украина ҳудудига илк маротаба бостириб кирганидан бери ўзгармаган.
Муроса ва тинчлик музокараларидан умидлар бор экан, фронтдаги воқеаларнинг жадаллиги ва инсоний йўқотишлар миқёси катта хавотир уйғотмоқда. Ҳар куни нафақат аскарлар, балки тинч аҳоли ҳам зарар кўраётгани фонида, ҳарбий ҳаракатлардан кўра дипломатик ечимларга муҳтожлик янада ошмоқда.
Фото: Reuters «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар