
Арканзас штатида тинимсиз излов амалга оширилмоқда — 25 май куни Гейтвей шаҳарчасининг собиқ полиция бошлиғи Грант Хардин маҳаллий қамоқхоналардан биридан қочиб кетгани хабар қилинди. CNN тарқатган маълумотларга кўра, 56 ёшли собиқ ҳуқуқ-тартибот органи ходими аввал биринчи даражали қотиллик ва икки марта зўрлаш жиноятлари учун катта ҳукм асосида қамоқда сақланаётган эди.
Қочиш қандай содир бўлди?
Арканзас Жазони ижро этиш департаменти маълум қилишича, Грант Хардин 25 май куни тахминан соат 15:40 да Шимолий Марказий бўлинма қамоқхонасидан номаълум тарзда қочиб кетган. Қочиш пайтида у ҳуқуқ-тартибот идораларининг формасига ўхшаш кийимда бўлган: қора рангдаги шим, футболка ва бейсбол кепкаси, шунингдек, ўқ ўтказмайдиган нимча. Шунинг учун камера ёзувларида у жиноятчига ўхшамай, ходимга ўхшаб кўринган.

Қизиғи шундаки, у ўзини оддий шахс эмас, балки қоғоз қутилар ва ёғоч бўлаклари ортилган аровани судраб чиқараётган ишчи сифатида “маскалаштирган”. Расмийлар маълум қилишича, у қамоқхоналарда тез-тез учрайдиган, хавфсиз деб ҳисобланган "салли порт" (loading dock) орқали чиқиб кетган.
Қамоқдаги муддати ва жиноятлари
Грант Хардин 2017 йилдан буён қамоқда эди. У Арканзасдаги бир киши ўлими учун 30 йилга, шунингдек, икки аёлни зўрлаш учун ҳар бирига 25 йилдан ҳукм қилинган. Барча жазоларини бир вақтда ўтаётган собиқ полициячига умумий ҳисобда камида 80 йил қамоқ жазоси белгиланган эди.
Ҳозирда қандай чоралар кўрилмоқда?
Штат бўйлаб уни излаш ишларига бир неча агентликлар, жумладан, Арканзас полицияси, маҳаллий шериф идоралари ва федерал органлар жалб этилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқаролардан ҳар қандай маълумот бўлса, дарҳол хабар беришни сўрамоқда.
Арканзас тарихида бу каби воқеалар жуда кам учрайди. Айниқса, юқори хавфли, жиноятлари жиддий бўлган маҳкумнинг бундай шов-шувли усулда қочиши жамоатчиликда ҳам хавотир уйғотди.
Ҳозирча Грант Хардиннинг қаерда экани аниқланмаган. Расмийлар уни қўлга олиш учун барча ресурсларни ишга солаётганини таъкидлашмоқда.
Фото: CNN «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар