
Гарвард университети олимлари дунё бўйича юз минглаб одамнинг ҳаётига зомин бўлаётган безгак касаллигига қарши курашда мутлақо янги ёндашувни таклиф қилишди. BBC тарқатган хабарга кўра, улар чивинларга махсус дорилар бериш орқали уларни инфекция тарқата олмайдиган даражага келтириш усулини синовдан ўтказишди.
Ҳозирги кунда безгакка қарши асосий кураш усули сифатида инсектицидлар — чивинларни ўлдирадиган кимёвий моддалар — кенг қўлланилади. Бироқ кўплаб мамлакатларда чивинлар бу воситаларга нисбатан мустаҳкам қаршиликка эга бўлиб, инсектицидлар самарадорлиги кескин пасайган. Шу сабабли олимлар янги усулни тадқиқ қилишга киришишди.
Янги усул қандай ишлайди?
Мутахассислар юзлаб дори воситаларини ўрганиб чиқди ва улар орасида чивин организмидаги безгак паразитларини йўқ қилишда 100 фоиз самарадорликка эга иккита моддани аниқлашди. Ушбу дори моддалари махсус тўрларга сингдирилиб, чивинлар ана шу тўрларга тегиши орқали дорини танасига қабул қилади. Қизиғи шундаки, агар чивин тирик қолса ҳам, унинг ичидаги барча паразитлар йўқ бўлади. Натижада, у одамни чақса ҳам, инфекция юқтирмайди.
Тадқиқотни олиб борган мутахассис Александра Пробст бу ёндашувни “чивинларга қарши революцион усул” деб атади. Унинг таъкидлашича, бундай дорилар паразитларнинг қаршилик кўрсатиш қобилиятига қарши самарали, чунки паразитлар чивин танасида жуда оз санда бўлади — одатда 5 тагача. Бу эса касалликнинг тарқалиш эҳтимолини пасайтиради. Аксинча, инсон танасида миллиардлаб паразитлар бўлиши мумкин.
Безгак ҳақида қисқача
Безгак (малариа) — кўп ҳолатларда урғочи чивинлар орқали юқадиган ўта хавфли инфекцион касаллик. Ҳар йили тахминан 600 мингга яқин инсон шу касаллик сабабли ҳаётдан кўз юмади. Болалар орасида эса ўлим кўрсаткичи айниқса юқори. Безгак паразити қон орқали юқади, шунингдек, игна, тиббий асбоблар, қон қуйиш ёки орган кўчириш орқали ҳам тарқалиши мумкин.
Қачон амалиётга татбиқ этилади?
Ҳозирча бу усул лаборатория шароитида муваффақиятли синовдан ўтган. Кейинги қадам — Эфиопияда амалий тажрибалар ўтказиш. Олимлар ушбу усулни тўлиқ текшириб, ишончли хулоса бериш учун камида 6 йил керак бўлишини таъкидлашмоқда.
Агар натижалар кутилганидек ижобий бўлса, бу дунё миқёсида безгакка қарши курашда мутлақо янги босқични бошлаб бериши мумкин. Чунки бу сафар инсон эмас, айнан касаллик ташувчиси — чивиннинг ўзи “ҳимоя воситасига” айлантирилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар