date
views 1 042

Москвада дронлар ҳужуми: 33 та дрон йўқ қилинди, аэропортлар вақтинча ёпилди

Москвада дронлар ҳужуми: 33 та дрон йўқ қилинди, аэропортлар вақтинча ёпилди
28 майга ўтар кечаси Россия пойтахти Москвада илгари кузатилмаган миқёсда учувчисиз учиш аппаратлари — дронлар ҳужуми қайд этилди. Москва мэри Сергей Собяниннинг Telegramʼдаги маълумотига кўра, 27 май кечки пайтдан 28 май соат 03:26 гача жами 33 та дрон шаҳар осмонида аниқланган ва барчаси Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган.

Ҳужумлар хусусида расмий маълумотлар чекланган. Мэр ҳужум натижасида зарар кўрилган объектлар, дронларнинг аниқ нишони ва эҳтимолий оқибатлар ҳақида ҳозирча ҳеч қандай баёнот бермади. Бироқ ушбу вазият Россия пойтахтида хавфсизлик даражаси янада оширилишига сабаб бўлди.

Россия ҳаво транспорти агентлиги — Росавиация вакили Артём Кореняко эълон қилган маълумотга кўра, фуқаролик авиацияси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аввал Москва атрофидаги Домодедово аэропортида, кейин эса Внуково, Жуковский ва Шереметево аэропортларида вақтинча парвозлар тўхтатилган.

Бундай хавфсизлик чоралари Москвадан ташқаридаги бир неча минтақавий аэропортларда ҳам жорий қилинди. Жумладан, Владимир вилоятидаги Семязино, Иваново вилоятидаги Южний, Костромадаги Сокеркино ва Ярославлдаги Туноша аэропортларида ҳам парвозлар вақтинчалик чекланган.

Шунингдек, “Москвач” Telegram-канали ўз манбаларига таяниб, Троица ва Подолск шаҳарларидаги аҳоли ярим тунда портлаш товушларини эшитганини маълум қилди. Айни пайтда бу маълумот расмий томонлар томонидан тасдиқланмаган.

Ушбу ҳужумлар Россиядаги хавфсизлик тизимлари учун жиддий синов ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай миқёсдаги дрон ҳужуми нафақат ҳаво мудофаа тизимларини синовдан ўтказади, балки фуқаролик авиацияси ва аҳоли учун ҳам кўплаб хавфли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир томон ўз зиммасига олмаган. Аммо бу каби вазиятлар Украина билан давом этаётган можаро фонида янада кўпроқ кутилмаган сценарийларни юзага чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада дронлар ҳужуми: 33 та дрон йўқ қилинди, аэропортлар вақтинча ёпилди