
Хитойлик парапланчи Пэн Юйцзян тасодифий равишда 8589 метр баландликка кўтарилиб кетганидан кейин жаримага тортилди ва унга ярим йил давомида парвоз қилиш тақиқланди. Бу ҳақда The Guardian нашри Гансу провинцияси авиаспорт ассоциацияси ҳисоботига асосланиб хабар бермоқда.
Ҳодиса Цилян тоғлари ҳудудида содир бўлган. Баландлиги тахминан 3 минг метр келадиган старт майдонида ускуналарини текшириш учун тайёргарлик кўраётган спортчи, кутилмаган ҳолатда ҳавога кўтарилиб, назоратни йўқотган. Пэннинг ўз камерасига тасвирланган кадрларда унинг булутлар орасида, ҳаво ҳарорати минус 35 даража совуқда қандай қилиб курашаётганини кўриш мумкин. Спортчи ўзининг бу ғайриоддий парвозида музлашдан қўрқиб, радиоалоқа орқали ердаги ходимлар билан алоқа ўрнатишга уринганини таъкидлади.
«Қўлларимни ҳис этмасдим. Ҳамма жой музлаб қолган, ҳатто радиоалоқани ушлаб туриш ҳам жуда қийин эди», – дейди Пэн Юйцзян. У старт жойидан 30 километр узоқликка бориб қўнишга мажбур бўлган.
Тергов натижаларига кўра, спортчи ушбу парвоз учун расмий рухсат олмаганлиги маълум бўлди. Пэннинг асли мақсади параплан билан юқорига кўтарилиш эмас, балки ускуналарни фақат ерда текшириш бўлгани аниқланди. Шу билан бирга, унинг Гу Чжимин исмли дўсти бу парвоз видеосини Хитойнинг машҳур ижтимоий тармоғи Douyin платформасига юклагани учун унга ҳам айнан шундай жарима белгиланди. Ҳар икки спортчи ярим йил давомида авиация спортидан четлатилди.
Экспертларнинг қайд этишича, 8589 метр баландликка параплан билан кислород ускуналари ва махсус воситаларсиз кўтарилиш ҳаёт учун ўта хавфли бўлиб, тирик қолиш эҳтимоли жуда пастдир. Шу сабабли Пэннинг бу тасодифий натижаси рекорд сифатида қайд этилмаган. Ҳозирги вақтда бу соҳадаги расмий жаҳон рекорди 2007 йилда 9946 метр баландликка кўтарилган германиялик Эва Виснерскига тегишлидир.
Айни пайтда бу воқеа параплан спортчилари учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиб қолмоқда. Спортчиларнинг ҳам, ташкилотларнинг ҳам ҳар қандай экстремал вазиятга тайёр туришлари ва хавфсизлик чораларига жиддийроқ эътибор қаратишлари лозимлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Пэн Юйцзяннинг ҳодисаси эса бутун дунёдаги спортчиларга жиддий сабоқ бўлиб қолди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар