
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яна бир бор кескинлашди. Бу сафар муаммо илмий соҳада таҳсил олаётган хитойлик талабаларга тегишли визалар атрофида юзага келди. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Коммунистик партиясига алоқадор ёки “стратегик аҳамиятга эга соҳаларда” таълим олаётган талабаларнинг визаларини бекор қилишни кўзламоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио маълум қилди.
Визалар тўхтатилди, текширувлар кучайтирилди
Рубио ўз баёнотида Хитой ва Ҳонконгдан келадиган барча виза аризалари учун текширув талаблари янада қаттиқлаштирилишини ва янги талабалар суҳбатлари вақтинча тўхтатилганини таъкидлади. Politico нашрининг маълум қилишича, Америка элчихоналари ва консулликларидаги виза жараёнлари ҳам қайта кўриб чиқилмоқда.
Айни пайтда Америка олийгоҳларида тахминан 277 минг нафар хитойлик талабалар таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Хитой АҚШдаги хорижлик талабалар рейтингида иккинчи ўринни эгаллайди. Биринчи ўринда эса 331 минг нафар ҳиндистонлик талабалар бор.
"Ўта муҳим соҳалар" деганда нима тушунилади?
Баёнотда “ўта муҳим соҳалар” деган тушунча аниқ изоҳланмаган. Аммо The New York Times газетаси ёзишича, гап кўпинча табиий фанлар, инженерия, технология ва ҳарбий йўналишдаги тадқиқотлар ҳақида кетмоқда. Сабаби, сўнгги йилларда АҚШ расмийлари Хитой ҳукумати Америка университетларида ўқиган олимларни ўз мамлакатларига ёллаётганини ва бу орқали илмий маълумотлар “ичкаридан” чиқиб кетаётганидан хавотир билдиришган.
Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати талабаларнинг Хитой Коммунистик партияси билан аниқ қандай алоқаси борлигини қандай аниқлашини ҳам расман баён қилмаган.
АҚШ университетлари ҳам хавотирда
Кўп йиллар давомида Америка университетлари Хитойдан келган талабаларни қизғин қарши олган — улар нафақат билим соҳасидаги ютуқлари, балки ўқиш тўловлари орқали олий таълим муассасаларига салмоқли даромад олиб келаётгани билан ҳам қадрланган. Талабаларнинг визалари бекор қилиниши университетларнинг халқаро алоқалари ва илмий тадқиқот салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Хитой расмийлари АҚШга норозилик билдирди
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ томонидан талабалар визаларининг бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга муносабат билдирди. Расмий баёнотда таъкидланишича, бу каби ҳаракатлар қонуний равишда таълим олаётган талабаларнинг ҳуқуқларини бузади ва икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий алмашинув жараёнларига жиддий зарба беради.
Вазирлик матбуот котиби Мао Ниннинг таъкидлашича, АҚШнинг бундай қадамлари нафақат талабалар, балки кенг қамровли Хитой-АҚШ муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Талабалар визалари атрофида юзага келган бу янги можаро АҚШ ва Хитой ўртасидаги кенг кўламли геосиёсий курашнинг навбатдаги қадами сифатида баҳоланмоқда. Илмий соҳада таҳсил олаётган ёшлар сиёсий қарама-қаршилик қурбонига айланар экан, икки мамлакат ўртасидаги таълим ва маданият алоқалари янада мураккаблашиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар