date
views 202

Япониялик олимлар тишни қайта ўсишига ёрдам берувчи дори яратмоқда

Япониялик олимлар тишни қайта ўсишига ёрдам берувчи дори яратмоқда
Япониядаги олимлар жамоаси томонидан яратилаётган янги дори воситаси стоматология соҳасида тўлиқ инқилоб яратиши мумкин. Бу инновацион ишланма имплант, протез ва коронка каби сунъий воситалар ўрнини босиши ва табиий тишларни қайта ўсишига ёрдам бериши мумкин.

Осака шаҳридаги Китано касалхонаси қошида фаолият юритаётган Тиббий тадқиқот институтида доктор Кацу Такаҳаши бошчилигидаги жамоа кўп йиллик генетик тадқиқотлар асосида тиш ривожланишига таъсир этувчи омилларни ўрганмоқда. Улар 2021 йилда эълон қилинган илмий мақолада USAG-1 деб номланган генни блоклаб, табиий тиш ўсишини фаоллаштириш мумкинлигини илмий жиҳатдан исботлашган.

Тишларни "уйғотувчи" дори: қандай ишлайди?

USAG-1 гени табиатан тиш ўсишини сустлаштиради. Яратилган дори ушбу ген фаолиятини тўсиб қўйиш орқали BMP оқсилини фаоллаштиради — бу эса суяк ва тиш ривожланишига ёрдам берадиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Натижада янги тишлар табиий жараён орқали ўсади.

Синовлар ва илк натижалар

Ҳозирча дори инсонларда клиник синовнинг биринчи босқичида. Соғлом кўнгиллиларга паст дозада юборилиб, организмдаги реакциялар кузатилаяпти. Ҳайвонларда ўтказилган тестларда эса аниқ натижалар қайд этилган — дори воситаси қўлланилган ҳолда янги ва мустаҳкам тишлар ўсиб чиққан.

Кимлар учун умид манбаи?

Агар тадқиқотлар муваффақиятли якунланса, ушбу дори қуйидаги инсонларга катта ёрдам беради:

• Тугма гиподонтия билан туғилган болалар – генетик сабабли табиий тишларнинг етишмаслиги.
• Тишини жароҳат ёки инфекция натижасида йўқотганлар.
• Кексайиш сабабли табиий тишларидан ажралганлар.

Тиббиёт ва иқтисодиёт учун катта салоҳият

Доктор Такаҳашининг таъкидлашича, бу дори фақат тиббий нуқтаи назардан эмас, иқтисодий жиҳатдан ҳам улкан имконият яратади. Имплант ва протезларнинг юқори нархи ва оғриқли жараёнларини инобатга олганда, табиий тишларни қайта ўсишини таъминловчи дори стоматологияда мутлақ янги босқични бошлаши мумкин.

Яқин йилларда ушбу дори оммавий клиник амалиётга киритилиши кутилаяпти. Агар барчаси режа бўйича кечса, стоматология соҳаси инсон ҳаётини яхшилайдиган яна бир йирик ютуқка гувоҳ бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Япониялик олимлар тишни қайта ўсишига ёрдам берувчи дори яратмоқда