
Кремл расмийлари Россия ва Украина ўртасидаги можарони бартараф этиш борасидаги музокаралар доирасида жиддий силжишлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, 2 июнь куни Истанбулда ўтказилиши режалаштирилаётган навбатдаги музокаралар давомида тарафлар ўз меморандум лойиҳаларини муҳокама қиладилар.
Песков Россия томонининг музокараларни айнан Истанбулда ўтказишга устувор аҳамият қаратаётганини қайд этар экан, меморандум муҳокамаси биринчи ва иккинчи раундларда ҳам амалга ошиши кутилмоқда, дея билдирди.
"Истанбул музокаралари — можарони бартараф этиш йўлида муҳим босқич бўлиши мумкин. Агар тарафлар муайян келишувларга эриша олсалар, ўшанда Путин ва Зеленский ўртасидаги юксак даражадаги учрашув ҳақида гапириш имкони пайдо бўлади," — деди Песков.
Маълумотларга кўра, Украина томони музокаралар олдидан Россияга ўз меморандум лойиҳасини тақдим этган ва айни пайтда Россиядан ҳам шундай ҳужжатни олишни кутмоқда. "The New York Times" газетасининг ёзишича, Киев томонининг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:
• Қуруқликда, денгизда ва ҳаво ҳудудларида тўлиқ ўт очишни тўхтатиш.
• Бу жараённи халқаро ҳамкорлар томонидан назорат қилиш тартибини жорий этиш.
Шу билан бирга, Россия ҳозирча бу талабларга розилик билдирмаган ва ўт очишни тўхтатишга доир ҳужжатни Украинага беришни музокаралардаги муайян натижаларга боғламоқда.
Песков, шунингдек, Россия ва Украина ўртасида тайёрланаётган меморандумлар мазмуни оммага ошкор этилмаслигини ҳам билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча энг асосий вазифа — 2 июнь куни бўлиб ўтадиган учрашувда икки томон учун манфаатли келишув шакллантириш ва музокараларни иккинчи босқичга тайёр ҳолда олиб боришдир.
Айтиш жоизки, Россия президенти Владимир Путин юқори даражадаги мулоқотга очиқ эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, агар Истанбул музокаралари натижали кечса, Зеленский билан юзма-юз учрашув бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Истанбулда бўлиб ўтадиган учрашув нафақат Украина ва Россия, балки бутун халқаро ҳамжамият учун муҳим босқичга айланиши мумкин. Бу учрашувдаги музокаралар жараёни ва унинг натижалари глобал тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги муҳим бурилиш нуқтасига айланиши эҳтимоли юқори. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар