date
views 75

Зеленский ва Эрдўған тинчлик музокараларини тезлаштиришни муҳокама қилди

Зеленский ва Эрдўған тинчлик музокараларини тезлаштиришни муҳокама қилди
30 май куни кечқурун Украина президенти Владимир Зеленский ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида муҳим телефон суҳбати бўлиб ўтди. Туркия президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, суҳбатда асосий эътибор Россия ва Украина ўртасидаги урушни тинч йўл билан тўхтатиш масаласига қаратилди.

Президент Эрдўған Туркиянинг тинчлик жараёнидаги воситачи ролини яна бир бор тасдиқлади ва Россия ҳамда Украина раҳбарлари ўртасида тез фурсатда юзма-юз учрашув ташкил этилишини жуда муҳим деб ҳисоблашини билдирди. Унинг фикрича, музокараларни Истанбулда давом эттириш ва иккинчи раундда ўт очишни тўхтатиш имконини муҳокама қилиш – минтақадаги барқарорликка йўл очади.

Шунингдек, Эрдўған икки делегация музокаралари якунлангач, Зеленский ва Путиннинг тўғридан-тўғри мулоқот қилиши лозимлигини таъкидлади. У бу учрашувни пайсалга солмасдан амалга ошириш зарурлигини алоҳида урғулади.

Зеленский эса суҳбатни “жуда мазмунли ва мантиқий” деб атади. Унга кўра, Истанбулда ўтказилган музокараларнинг биринчи раунди муҳим аҳамиятга эга бўлган. «Асирлар алмашинуви бу жараённинг ягона муваффақияти бўлди, афсуски. Бизга тинчлик керак, ва бунинг учун, биринчи навбатда, ўт очишни тўхтатиш керак», — деди Зеленский.

Украина етакчиси шунингдек, Москва билан эҳтимолий янги учрашув ва унда қандай шартларда иштирок этишлари мумкинлиги ҳақидаги музокаралар бораётганини айтди. Маълум бўлишича, Россия томони музокараларнинг янги босқичини 2 июн куни Истанбулда ўтказишни таклиф қилган. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Киев бу учрашувга тайёр эканини билдирган, бироқ Москва ваъда қилган меморандум матнини олдиндан тақдим этмасдан туриб, музокарага бориш тўғрисида қарор чиқарилмаганини маълум қилди.

Россия эса ҳужжатни фақат музокаралар пайтида тақдим этиш ниятида эканини айтмоқда. Шу боис, 2 июн куни Истанбулда учрашув бўлиб ўтади ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия делегацияси музокаралар учун Истанбулга йўл олганини ва душанба куни эрталабдан иккинчи босқич музокараларини бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

Айни пайтда, The Washington Post газетаси Украина эҳтимолий “дипломатик босим” остида қолиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ Киевни Истанбул музокараларида иштирок этишга мажбурлашга ҳаракат қилиши мумкин. Бу эса Украина учун ноқулай сиёсий вазиятни келтириб чиқариши мумкин.

Минтақадаги тинчлик ва барқарорлик учун олиб борилаётган дипломатик ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти диққат марказида қолмоқда. Зеленский ва Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқоти – ана шу жараёндаги навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский ва Эрдўған тинчлик музокараларини тезлаштиришни муҳокама қилди