
Россиянинг Иркутск ва Мурманск областлари аҳолиси бир вақтнинг ўзида дронлар томонидан уюштирилган ҳужумлар ҳақида хабар беришди. Бу ҳақда “Медиазона” нашри ва маҳаллий Telegram-каналлар хабар тарқатмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Сибирнинг Иркутск вилоятидаги Усолский туманига қарашли Средний ва Новомалтинск қишлоқлари ҳудудлари нишонга олинган. Мазкур ҳудудда Россиянинг муҳим ҳарбий иншооти ҳисобланган «Белая» аэродроми жойлашган бўлиб, у ерда Ту-22М3 русумли стратегик бомбардимончи самолётлар базаси мавжуд.
Бундан ташқари, Мурманск областидаги «Оленя» аэродроми ҳам дронлар томонидан ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалган. Бу ҳарбий аэродром ҳам Россия қуролли кучлари учун катта аҳамиятга эга.
Ҳужумлардан сўнг, интернетда Иркутскда жойлашган «Белая» аэродромида чиққан ёнғиннинг видеолари пайдо бўлди. Кадрларда аэродром ҳудудидан тутун кўтарилаётгани кўзга ташланади. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ҳужумлар оқибатида бир неча кучли портлашлар содир бўлган.
Айрим хабарларга кўра, ушбу ҳужумлар Украинанинг махсус операцияси доирасида амалга оширилган бўлиши мумкин. Украина матбуотининг ёзишича, 1 июнь куни Украина хавфсизлик кучлари томонидан «Паутина» деб номланган кенг қамровли операция бошланган. Бу операция доирасида Россиянинг турли ҳудудларидаги стратегик ҳарбий иншоотларга бир вақтнинг ўзида зарбалар берилган. “Бабел” нашрининг маълумотларига кўра, натижада Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётлари, шу жумладан, Ту-95, Ту-22М3 ва разведка А-50 самолётлари йўқ қилинган.
Россиялик губернатор Игор Кобзев Иркутск вилояти дронлар ҳужумига биринчи марта учраганини тасдиқлади ва бу ҳолатни “ғaйриоддий” деб атади. Унинг маълумотига кўра, ҳужумлар учун фойдланилган дронлар йўл четида турган юк машиналари (фуралар) ичига яширин тарзда жойлаштирилган бўлиб, ҳужумдан сўнг манба тезда блокланган.
«Ҳужумлардаги манба аллақачон аниқланди ва хавфсизлик кучлари томонидан блокланди. Бу ерда энг муҳими, аҳоли орасида ваҳима тарқатмаслик ва вазиятни назорат қилишдир. Ҳозирги вақтда тинч аҳоли ҳаёти ва саломатлигига таҳдид йўқ», — дея таъкидлади Кобзев ўзининг Telegram саҳифасида.
Экспертларнинг фикрича, дронлар орқали амалга оширилган мазкур ҳужум Россиянинг муҳим ҳарбий объектларини нишонга олиш орқали Россия кучларининг ҳаво ҳужумлари имкониятларига зарар етказишни мақсад қилган бўлиши мумкин. Бундай кенг қамровли ва яхши тайёрланган операция Россия хавфсизлик тизимлари олдида янги мураккаб вазифаларни келтириб чиқаради.
Ҳозирги вақтда Иркутск ва Мурманск областларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва маҳаллий аҳолига эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш тавсия қилинган. Ҳужум билан боғлиқ бўлган вазият маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам жиддий кузатилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар