date
views 248

Истанбул музокараси арафасида: Украина тинчлик таклифларини расман эълон қилди

Истанбул музокараси арафасида: Украина тинчлик таклифларини расман эълон қилди
2 июн куни Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган Украина–Россия музокаралари олдидан Киев расмийлари ўзининг расмий тинчлик таклифлари матнини жамоатчиликка тақдим этди. Reuters ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, ушбу ҳужжат Украина делегацияси томонидан музокарада Россия вакилларига расман тақдим этилади.

Ҳужжатнинг асосий нуқталари шундай:

• Тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатиш

Киев музокараларни бошлаш учун осмон, қуруқлик ва денгизда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишни зарурий шарт сифатида кўрмоқда. Бу нафақат фронтдаги кескинликни юмшатиш, балки тинч мулоқот учун зарур муҳитни яратишга қаратилган.

• Болаларни қайтариш ва асирлар алмашини таъминлаш

Украина ҳужжатда, уруш пайтида ноқонуний равишда Россияга олиб кетилган украиналик болаларни сўзсиз равишда ватанига қайтаришни талаб қилмоқда. Шунингдек, ҳарбий асирларни «ҳамма учун ҳамма» форматида алмашиш ва гаровда ушлаб турилган тинч фуқароларни озод этиш таклиф этилмоқда.

• Хавфсизлик кафолатлари ва геосиёсий эркинлик

Украина халқаро ҳамжамиятдан ишончли хавфсизлик кафолатларини олишни талаб қилмоқда. Киев ўз ҳарбий салоҳияти ва сиёсий йўналишини эркин белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши керак, дейилади матнда.

Махсус ҳолат сифатида Украина томони шундай таъкидламоқда:

“Украина Қуролли кучларининг сони, уларнинг жойлашуви, техникасининг тури, шунингдек, дўст давлатлар қўшинларини ўз ҳудудига жойлаштириш масалалари бўйича ҳеч қандай ташқи чеклов қабул қилинмаслиги керак.”

• Евроатлантик йўлни танлаш ҳуқуқи

Киевни бетарафлик сиёсатини қабул қилишга мажбурлаш нотўғри, дейди Украина. Давлат ўз истиқболи, жумладан, Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш каби геосиёсий қарорларни мустақил равишда қабул қилишга ҳақли.

Ҳозирда Истанбулда бўлиб ўтадиган музокараларга катта диққат қаратилаётгани, ушбу ҳужжат айни пайтда халқаро дипломатик доираларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Музокаралар натижаси нафақат Украина ва Россия, балки бутун минтақанинг тинчлиги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

Фото: Francisco Seco/AP
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбул музокараси арафасида: Украина тинчлик таклифларини расман эълон қилди