date
views 5 112

Туркияда яна кучли зилзила: 69 нафар одам жабрланди (видео)

Туркияда яна кучли зилзила: 69 нафар одам жабрланди (видео)
Туркиянинг жануби-ғарбий соҳилларида 5,8 магнитудали кучли ер силкиниши қайд этилди. Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) тарқатган маълумотга кўра, зилзила эпимаркази Эгей денгизи ҳудудида, машҳур туризм марказларидан бири ҳисобланадиган Мармарис шаҳри яқинида бўлиб ўтган. Ер ости силкинишининг чуқурлиги қарийб 68 километрни ташкил қилган.

Муғла губернатори Идрис Оқбийиқ воқеа натижасида кўплаб одамлар ваҳимага тушиб, шошилинч тарзда хавфсиз жойларга кўчишга ҳаракат қилганини маълум қилди. Бу жараёнда баъзи аҳоли ва туристлар баландликдан сакрашга мажбур бўлган ва натижада 34 киши турли хил жароҳат олган. Кейинги маълумотларга кўра, умумий жароҳатланганлар сони 69 кишига етган. Шулардан 55 киши тиббий муассасаларга ётқизилган бўлса, 14 нафари тиббий ёрдамни уй шароитида олишни афзал кўрган.

Афсуски, зилзила оқибатида юз берган хавотирли ҳолатлар туфайли 14 ёшли ўсмир ваҳима сабабли ҳалок бўлган.

Ҳозирги вақтгача маҳаллий маъмурият ва масъул идоралар томонидан инфратузилма, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва канализация тармоқларида жиддий муаммолар қайд этилмагани айтилади. Бироқ, мутахассислар вазиятни мунтазам кузатиб боришмоқда ва аҳолини эҳтиёткорликка чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Туркия сўнгги йилларда сейсмик жиҳатдан энг фаол минтақалардан бири ҳисобланади. Бу ерда мунтазам равишда кучли зилзилалар кузатилиб, аҳолининг катта ташвишига сабаб бўлмоқда. 2023 йилнинг февраль ойида Туркияда Рихтер шкаласи бўйича 7,5 ва ундан юқори кучга эга бўлган қатор кучли зилзилалар содир бўлган эди. Бу табиий офат мамлакатнинг 11 та вилоятини қамраб олган ва қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсатган эди. Натижада 50 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган, юз минглаб инсонлар уйсиз қолган.

Шу билан бирга, турк сейсмологлари ва халқаро экспертлар янада кучлироқ ва вайронкор зилзилалар эҳтимолидан огоҳлантиришмоқда. Айниқса, Мармар денгизи ва Истанбул шаҳри учун алоҳида хавф борлиги таъкидланмоқда. Сейсмологларнинг фикрича, 2030 йилгача бўлган даврда Истанбулда кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлиб, унинг салбий оқибатлари 1999 йилдаги ҳалокатдан ҳам оғирроқ бўлиши мумкин. Маълумки, 1999 йилги зилзила натижасида 17 мингдан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмган эди.

Мутахассислар аҳолини сейсмик хавфсизлик чораларига амал қилиш, фавқулодда вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Улар, айниқса, кўп қаватли бинолар ва туристик объектларда хавфсизлик чораларини кучайтиришни талаб қилмоқдалар.

Ҳозирда Мармарисда вазият назорат остида бўлиб, ҳукумат ва қутқарувчи идоралар томонидан зарур чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Зилзиланинг салбий оқибатларини бартараф этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча куч ва воситалар сафарбар этилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда яна кучли зилзила: 69 нафар одам жабрланди (видео)