
Жанубий Кореяда кеча, 3 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида Бирлашган демократик партияси етакчиси Ли Чже Мён мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар, жумладан Yonhap ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, сайлов натижалари ҳисобланиб, 98,56 фоиз сайлов бюллетенлари қайта ишлангандан сўнг, мухолифат номзоди Ли Чже Мён овозларнинг 49,25 фоизини эгаллаган. Унинг асосий рақиби, ҳукмрон консерватив «Фуқаролик кучи» партияси номзоди Ким Мун Су эса 41,40 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган.
Қайд этиш жоиз, сайловда фуқаролар иштирокининг юқори даражаси кузатилган. Сайлов якунланишига бир соат қолганида сайловчилар фаоллиги сўнгги 28 йил ичидаги энг юқори натижани қайд этиб, 77,8 фоизни ташкил этган.
Ли Чже Мённинг бу галги ғалабаси Жанубий Корея сиёсий майдонида катта воқелик ҳисобланади. Сабаби, у 2022 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида атиги 1 фоизлик кичик фарқ билан собиқ президент Юн Сок Ёлга мағлуб бўлганди. Бунинг ортидан у мухолифат етакчиси сифатида мамлакатдаги сиёсий ўзгаришларга бош-қош бўлиб, бугун ниҳоят президентлик мансабини қўлга киритди.
Ли Чже Мённинг сайловолди дастури ҳам жиддий эътиборга сазовор бўлди. Янги сайланган президент ўз нутқларида Шимолий Корея билан муносабатларни қайта тиклашни, минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришни ва иқтисодий ҳамкорлик орқали икки Корея ўртасидаги алоқаларни яхшилашни мақсад қилганини таъкидлади. Шунингдек, Пхеньяннинг ҳар қандай таҳдидига қарши миллий мудофаа тизимини янада мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам билдириб ўтган.
Ли Чже Мённинг ҳаёт йўли ҳам катта эътиборга лойиқ. 1964 йилда Андон шаҳрида камбағал оилада туғилган бўлса-да, катта машаққатлар билан ҳуқуқшунослик соҳасида таълим олган ва 1986 йилда Сеулдаги Чунг-Анг университетини тамомлаган. Сиёсатдаги фаолиятини 2005 йилда бошлаган Ли Чже Мён 2010 йилдан 2018 йилгача икки муддат Соннам шаҳрининг ҳокими сифатида муваффақиятли ишлаган.
Бироқ унинг сиёсий фаолияти ҳамиша ғалаба билан боғлиқ бўлмаган. У 2006 йилда шаҳар ҳокими сайловида мағлуб бўлган бўлса, президентлик лавозими учун ҳам 2017 ва 2022 йилларда номзод бўлиб, мағлубиятга учраган эди. Лекин бу муваффақиятсизликлар унинг курашчан руҳини сўндира олмади ва бугунги тарихий ғалабага замин яратди.
Ундан аввалги президент Юн Сок Ёлнинг тақдири эса драматик тус олганди. 2024 йил декабрида Юн мамлакатда ҳарбий ҳолат ўрнатишга урингани сабабли парламент томонидан унга импичмент эълон қилинган ва лавозимидан четлаштирилган. Бироқ, у ўз қарорини мамлакат хавфсизлиги учун зарур деб ҳисоблаб, барча айбловларни рад этган. Конституциявий суд эса унинг қарорини ноқонуний деб топиб, президентлик ваколатларидан бутунлай четлатган.
Шу тариқа, Ли Чже Мённинг ғалабаси Жанубий Кореяда янги бир давр бошланишига сабаб бўлиши кутилмоқда. Янги президент мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлаш, Шимолий Корея билан муносабатларни яхшилаш ҳамда иқтисодий тараққиёт йўлида муҳим қадамлар ташлашга тайёр эканини аллақачон билдирган.
Ҳозирда халқаро ҳамжамият ҳам янги президентнинг қандай қадамлар қўйишини диққат билан кузатмоқда. Ли Чже Мённинг президентлик лавозимига расман кириши билан минтақада вазият қандай ўзгариши алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Буни вақт кўрсатади. Аммо шу аниқки, Жанубий Корея тарихида янги саҳифа очилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар