date
views 334

Санкт-Петербургда полиция 5 минг мигрантни рейдда текширди!

Санкт-Петербургда полиция 5 минг мигрантни рейдда текширди!
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ички ишлар органлари томонидан миграция қонунчилиги бузилишларига қарши кенг қамровли рейдлар бошланди. Бу ҳақда ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, полиция ходимлари бир неча кун давомида шаҳар бўйлаб қурилиш майдонлари, жамоат транспорти ва асосий кўчаларда махсус текширув тадбирларини амалга оширган. Тадбир давомида 5 мингга яқин хорижий фуқаролар текширувдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 200 нафардан ортиғи маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганликлари сабабли ҳудудий полиция бўлимларига олиб кетилган.

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, қўлга олинган хорижликларнинг асосий қисмига жарима солинган ёки қонунбузарликларни зудлик билан бартараф этиш ҳақида қатъий огоҳлантириш берилганидан кейин қўйиб юборилган. Аммо миграция қонунчилигини қўпол равишда бузган тахминан 30 нафар мигрант мамлакат ҳудудини тезкорлик билан тарк этиш ҳақида огоҳлантирилган.

Полиция томонидан олинган видеолавҳаларда ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг йўлларда автомобилларни тўхтатиб текширишлари, жамоат транспортида ҳужжатларни синчковлик билан кўриб чиқишлари ва қурилиш майдончаларида махсус текширувлар олиб боришлари кўриниб турибди.

Мазкур тадбирларга полициянинг кинолог хизматлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ҳам фаол жалб этилган. Йўл-патруль хизмати ходимлари 160 га яқин транспорт воситасини текширувдан ўтказган бўлиб, натижада йигирмага яқин йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Санкт-Петербург полиция бошқармаси вакиллари шаҳардаги хавфсизлик ва тартибни сақлаш бўйича профилактик тадбирлар келгуси кунларда ҳам давом этишини маълум қилди. Улар шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини миграция қонунларига қатъий риоя қилишга, шунингдек, тегишли ҳужжатларни ҳамиша ўзи билан олиб юришга чақириб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу каби рейдлар нафақат мигрантлар орасидаги қонунбузарликларни аниқлашга, балки шаҳардаги жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Тадбирлар якунлари бўйича аҳоли хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Санкт-Петербургда полиция 5 минг мигрантни рейдда текширди!