date
views 202

Жанубий Кореяда тарихий сайлов: янги президент иш бошлади!

Жанубий Кореяда тарихий сайлов: янги президент иш бошлади!
Жанубий Кореяда мамлакат тарихидаги энг кескин ва аҳамиятли президентлик сайловларидан бири бўлиб ўтди. 3 июнь куни муддатидан аввал ўтказилган сайловларда мухолифат партиясидан номзод бўлган Ли Же Мёнг сенсацион тарзда ғалаба қозонди. Бу ҳақда Кореянинг Yonhap агентлиги хабар берди.

Янги президентнинг инаугурация маросими одатдаги икки ойлик ўтиш даврини кутиб ўтирмасдан, тезкорлик билан, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин дарҳол ташкил этилди. Ли Же Мёнг маросимга ўз рафиқаси билан биргаликда ташриф буюрди ва тантанали қасамёд қабул қилди.

Мазкур сайловлар мамлакат учун ўта муҳим даврда бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, аввалги давлат раҳбари Юн Сок Ёл ўтган йили декабрда мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилингани ва унинг президентлик фаолиятига нисбатан импичмент эълон қилинганидан кейин лавозимини тарк этган эди. Конституциявий суднинг фикрича, бу вазият мамлакат тарихидаги сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий сиёсий инқирозни келтириб чиқарган.

Сайлов куни мамлакат бўйлаб юқори даражадаги сайловчилар фаоллиги кузатилди. Овоз бериш жараёни тугашига бир соат қолгандаёқ иштирокчилар сони 77,8 фоизни ташкил этган бўлиб, бу охирги 28 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Якуний натижаларга кўра, Ли Же Мёнг 49,42 фоиз овоз йиғиб, сайловдаги асосий рақиби – ҳукмрон “Халқ кучи” партияси номзоди Ким Мун Суни ортда қолдирди. Ким Мун Су эса 41,15 фоиз овоз олди. Ли Же Мёнг бу натижа билан мамлакат тарихидаги энг кўп овоз йиғган президент сифатида рекорд ўрнатди — унга 17 миллион 280 минг нафар сайловчи ишонч билдирди.

Президент Ли Же Мёнг ўзининг биринчи нутқида мамлакат олдидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди: “Мен бутун халқимиз олдида қасамёд қиламанки, конституцияни қатъий ҳурмат қилиб, ватанимизни тинч йўл билан бирлаштиришга интиламан, аҳолининг фаровонлиги ва эркинлиги учун бор кучим билан ҳаракат қиламан ҳамда миллий маданиятимизни ривожлантириб, давлат раҳбари сифатида вазифамни сидқидилдан бажараман.”

Ли Же Мёнгнинг инаугурацияси маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. Бугун Жанубий Корея газеталари ўз саҳифаларининг биринчи бетларини янги президентга бағишлаган. Жумладан, АҚШ билан муносабатлар, Дональд Трампнинг тариф сиёсати, Шимолий Кореянинг ядро дастури каби муҳим масалаларни ҳал қилиш президентнинг биринчи вазифаларидан бири бўлиши таъкидланмоқда.

Ли Же Мёнг глобал инқирозлар шароитида амалий ва фаол дипломатияни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. У дунёдаги муаммоларни мамлакат манфаатлари йўлида фойдали имкониятларга айлантиришга ваъда берди. Хабарларга кўра, президентнинг биринчи расмий халқаро мулоқоти АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлиши кутилмоқда.

Ҳозирча бутун жаҳон Жанубий Кореянинг янги раҳбари дунё майдонида қандай қарорлар қабул қилишини қизиқиш билан кузатмоқда. Ли Же Мёнг мамлакатдаги сиёсий барқарорликни қайта тиклаш ва иқтисодий ўсишга эришиш йўлида янги давр бошланишини билдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жанубий Кореяда тарихий сайлов: янги президент иш бошлади!