
Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) томонидан «Павутина» («Ўргимчак тўри») махсус операциясининг тўлиқ ва батафсил видеоси оммага тақдим этилди. Унда Украина қўшинларининг дронлари орқали Россиянинг бир неча стратегик ва узоқ масофали авиация базаларига амалга оширилган зарбаларнинг аниқ тасвирлари акс этган.
УХХ томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, видеолавҳаларда Россиянинг Иркутск вилоятидаги «Белая», Мурманск вилоятидаги «Оленя», Иваново вилоятидаги «Иваново-Северний» ва Рязан вилоятидаги «Дягилево» аэродромлари ҳужумга учраганини кўриш мумкин.
Айниқса, Иваново ва Рязан аэродромларига қилинган зарбаларнинг видеоси илк марта ошкор қилинмоқда. Бу аэродромлардаги зарбалар аввал ОАВда пайдо бўлмаган эди.
Маълумот учун, «Иваново-Северний» авиабазаси, асосан, ҳаводаги объектларни аниқлаш ва бошқариш бўйича ихтисослашган А-50 самолётлари базаси ҳисобланади. УХХ томонидан эълон қилинган видеода дронлар айнан шундай самолётлардан икки донасига келиб тушганини кўриш мумкин. Аммо кадрларда ушбу ҳужумнинг оқибатлари аниқ кўрсатилмаган.
«Дягилево» аэродромида олинган тасвирларда эса дроннинг Россиянинг стратегик Ту-22М3 самолётига келиб урилган пайти аниқ акс этган, бироқ бу ерда ҳам портлаш ва унинг оқибатлари бўйича маълумот йўқ.
Украина махсус хизмати вакиллари эса, ўз навбатида, ушбу ҳужумларда А-50 самолётларига жиддий зарар етказилганини иддао қилмоқда. Бироқ видеолар орқали бу жараёнларнинг тафсилотлари, портлашлар ёки зарарнинг аниқ кўринишини аниқлашнинг иложи йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни Украина хавфсизлик хизмати Россия ҳудудидаги авиабазаларга кенг кўламли «Павутина» амалиётини ўтказгани ҳақида маълумот берганди. Расмий баёнотларга кўра, мазкур операция доирасида «Оленя», «Белая», «Иваново-Северний» ва «Дягилево» ҳарбий аэродромлари нишонга олинган.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, бу кенг қамровли махсус амалиётда 117 та замонавий FPV-дрон ва айнан шу сонда операторлар қатнашган. Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу кенг кўламли ҳужумни бошқариш учун махсус «операция маркази» Россия ҳудудида, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ)нинг ҳудудий бошқармаси штаб-квартираси яқинида жойлашган. Шунингдек, президентнинг тасдиқлашича, бу амалиёт натижасида Россиянинг 41 та самолёти турли даражадаги зарар кўрган ва улардан ярмини қайта тиклашнинг иложи йўқ.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ушбу ҳужумларни қисман тан олган ҳолда, фақатгина Мурманск ва Иркутск авиабазаларида «айрим самолётларнинг ёнгани»ни маълум қилган.
Шунингдек, сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларга кўра, Украина дронлари томонидан Мурманск вилоятидаги «Оленя» аэродромида амалга оширилган ҳужум натижасида камида 4 та Ту-95МС туридаги бомбардимончи ва бир дона Ан-12 туридаги ҳарбий-транспорт самолёти тўлиқ йўқ қилинган.
Иркутск вилоятидаги «Белая» аэродромига қилинган ҳужум эса янада жиддий оқибатларга олиб келган. Бу ерда, сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга кўра, энг камида 7 та стратегик самолёт (3 та Ту-95МС ва 4 та Ту-22М3) ёниб, яроқсиз ҳолатга келган.

Ҳозирги кунда бу ҳужумлар халқаро миқёсда катта муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Украина хавфсизлик хизматининг «Павутина» амалиёти натижасида Россия стратегик авиациясининг сезиларли қисмини йўқ қилишда муваффақиятга эришганини иддао қилмоқда. Россия томони эса ҳозирча ўз тасдиқлаган маълумотлар билан чекланиб қолган.
Халқаро кузатувчилар бу каби амалиётларнинг кескинлашуви жанг майдонларидан ташқарида ҳам вазиятнинг янада чигаллашувига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда. Бу каби ҳолатларнинг давом этиши икки давлат ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликларнинг янада чуқурлашувига ва можаро миқёси кенгайишига олиб келиши мумкин, деган хавотирлар ҳам мавжуд. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар