
Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик тобора технологик уруш тусини олмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда Россия армияси хитойлик ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган замонавий лазер қурилмаларидан фойдаланаётгани акс этган.
Ушбу қурилма "Сокин овчи" деб номланади ва у паст баландликда ҳаракатланувчи объектларни, жумладан, дронларни аниқлаш, кузатиш ва йўқ қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Тизим махсус йўлтанламас ҳарбий техника томига ўрнатилади ва у транспорт воситаси ичидаги оператор томонидан бошқарилади.
Ушбу лазер қурилмаси душманнинг учувчисиз қурилмаларини 4,98 километр масофадан аниқлай олади. 3,2 километр масофада дронларнинг кузатув ва навигация тизимларини ишдан чиқариб, 1,6 километр масофада уларни тўлиқ йўқ қилиш имкониятига эга.

Фото: The Telegraph
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу қурилма 30 киловатт қувватга эга бўлиб, 1000 метр масофада жойлашган ва қалинлиги 5 миллиметр бўлган пўлат пластинасини саккиз сония ичида тешиб ўтади.
Россия томонидан тарқатилган видеода лазер қурилмаси дронларни нишонга олиб, уларнинг учиш траекториясини аниқ кузатиб бориб, кейин бир зумда йўқ қилиши акс этган. Видеода лазер қурилмаси Shedrik ва Skywalker Х8 русумли украиналик дронларни нишонга олгани ҳам қайд этилмоқда.
Ҳарбий экспертларнинг фикрича, бу қурилма Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Хитойдан олган энг муҳим ва юқори технологияли қурилмаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу ҳолат халқаро кузатувчилар орасида турли баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бир тарафдан, бу қурилмалар Россиянинг мудофаа тизимини кучайтириши мумкин, бошқа тарафдан эса Хитойнинг бу низода иштироки ҳақидаги баҳсларни янада кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳозирча расмий Хитой томони ушбу вазият бўйича изоҳ бермаган. Аммо экспертлар бу технологик ҳамкорлик халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотишини тахмин қилмоқда. Бугунги кунда юқори технологияли қуролларнинг ушбу низода қўлланиши Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликни янги босқичга кўтармоқда, бу эса вазиятнинг янада мураккаблашишига олиб келиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар