date
views 444

Бразилиялик чорвадор 36 миллион доллар ютиб, стоматолог ҳузурида ҳаётдан кўз юмди!

Бразилиялик чорвадор 36 миллион доллар ютиб, стоматолог ҳузурида ҳаётдан кўз юмди!
Бразилияда лотереяда улкан бойлик ютиб олган эркак стоматологик муолажа вақтида ҳаётдан кўз юмди. Тақдирнинг аччиқ ҳазилига ўхшаган бу воқеа ҳақида Ultimos Segundo нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, воқеа 73 ёшли чорвадор Антониу Лопес де Сикейра билан боғлиқ. У мамлакатдаги Mega-Sena8 лотереясида тарихдаги энг йирик пул мукофоти — 201 миллион реал (деярли 36 миллион доллар) ютиб олган. Аммо ортидан келган бахт кўп давом этмади. Айнан 25 кун ўтгач, эркак Мато-Гроссу штатидаги Куяба шаҳрида стоматолог қабулхонасида вафот этди.

Ҳодиса ортидан ўтказилган тергов жараёнида полиция шифокор томонидан қўлланган анестезия миқдори беморнинг соғлиқ ҳолатига номутаносиб равишда юқори бўлганини аниқлади. Маълум бўлишича, Сикейра бир неча сурункали хасталиклар — юрак хасталиги, диабет ва гипертониядан азият чеккан. Лекин шифокор бу ҳолатларни инобатга олмаган.

Муолажадан сўнг бемор қисқа вақтга қабул хонасида қолган, аммо унинг ҳолатини ҳеч ким кузатмаган. Орадан кўп ўтмасдан, эркакнинг юраги туҳтаб қолган.

Маҳаллий прокуратура шифокорнинг эҳтиётсизлиги ва тиббий муомаласидаги хато бўйича расман жиноий иш очган. Тергов натижаларига кўра, Сикейранинг ўлими унинг бойлиги билан боғлиқ эмас, балки тиббий беэътиборлик ва назоратсизлик сабаб рўй берган.

Антониу Лопес де Сикейра лотерея ютуғини олгандан сўнг оммавий ахборот воситаларида интервью беришдан бош тортган, ором ва тинчлик излаб, ўзи яшаб келган фермер хўжалигида қолган эди. Унинг қўшнилари ва яқинлари уни содда ва меҳнатсевар инсон сифатида тавсифлашган.

Бу воқеа Бразилияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Жамоатчилик орасида «бойлик бахт келтирадими?» деган савол яна бир бор муҳокама марказига чиқди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бразилиялик чорвадор 36 миллион доллар ютиб, стоматолог ҳузурида ҳаётдан кўз юмди!