date
views 1 398

Ҳиндистонда дунё рекордини ўрнатган ноёб кўприк ишга туширилди! (видео)

Ҳиндистонда дунё рекордини ўрнатган ноёб кўприк ишга туширилди! (видео)
Ҳиндистон яна бир тарихий воқеанинг гувоҳи бўлди. Мамлакатнинг бош вазири Нарендра Моди ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали мамлакатнинг энг муҳим транспорт лойиҳаси – дунёдаги энг баланд темир йўл кўприги тантанали равишда очилганини маълум қилди. Ченоб дарёси устидан ўтказилган мазкур кўприк мамлакатнинг шимолидаги Кашмир водийсини Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғлайди.

Ушбу кўприк ўзининг мўъжизавий конструкцияси билан диққатни жалб этади. У денгиз сатҳидан 359 метр баландликда барпо этилган бўлиб, бу кўрсаткич билан энг баланд темир йўл кўприги сифатида дунё рекордини ўрнатди. Мазкур беназир иншоотнинг узунлиги ҳам катта аҳамиятга эга – у 1,3 километрдан ошиқроқни ташкил этади.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мазкур қурилма нафақат муҳандисликдаги буюк ихтирочилик ва қурилиш маҳоратини намойиш этиши, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта ҳисса қўшишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кўприк минтақа аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга, савдо-сотиқ, тижорат ва туризмнинг ривожланишига янги туртки беради.

6 июнь куни очилган мазкур кўприкдан биринчи марта иккита йўловчи поезди ўтиб, тарихий ҳодисанинг илк гувоҳига айланди. Ченоб темир йўл кўприги Ҳиндистоннинг энг йирик темирйўл лойиҳаларидан бири ҳисобланган Удхампур–Сринагар–Барамулла (USBРЛ) йўналишининг бир қисми бўлиб, унинг узунлиги жами 272 километрни ташкил этади. Бу линия мамлакатнинг шимолий ҳудудлари бўлган Жамму ва Кашмирнинг энг чекка нуқталарини марказий ҳудудлар билан боғлашга қаратилган.

Мазкур йўлни барпо этиш ишлари 2003 йилда бошланган эди ва 160 миллион долларга тенг маблағ сарфланди. Кўприк қурилишида хавфсизлик ва чидамлиликни таъминлаш учун махсус пўлат конструкциялар ишлатилган бўлиб, бу материаллар -10 даража совуқдан то +40 даража иссиққача бўлган ҳароратга бемалол бардош бера олади.

Ченоб кўприги нафақат Ҳиндистон муҳандисларининг техник салоҳиятини намоён этувчи буюк иншоот сифатида тарихда қолади, балки унинг қурилиши мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва ички туризм соҳаси учун ҳам кенг имкониятларни очади. Мамлакат раҳбарияти мазкур кўприк орқали ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ноёб манзаралар намойиш этилишига ишонч билдирмоқда.

Кўприкнинг очилиш маросимида минглаб маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар қатнашиб, бу улкан иншоотнинг илк фойдаланишини тантанали равишда нишонлашди. Энди эса ҳар куни бу йўналишдан минглаб одамлар тез ва қулай равишда мамлакатнинг бошқа шаҳарларига саёҳат қилишлари мумкин бўлади.

Дунё рекордини ўрнатган мазкур иншоот Ҳиндистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг транспорт соҳасидаги энг муҳим ютуқларидан бири сифатида тарихга муҳрланади. Бу эса нафақат минтақа аҳолиси, балки бутун мамлакат учун ғурур ва шарафга айланиши муқаррар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда дунё рекордини ўрнатган ноёб кўприк ишга туширилди! (видео)