
Дунёдаги энг нуфузли тадбиркорлардан бири, Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск АҚШда янги сиёсий ҳаракатга асос солиш нияти борлигини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида, собиқ президент Доналд Трамп билан кескин келишмовчиликлардан сўнг маълум қилди.
Маск томонидан илгари сурилаётган партиянинг номи «Америка партияси» бўлиши кутилмоқда. Унга кўра, бу сиёсий платформа АҚШ аҳолисининг аксарият қисмини ташкил қилувчи «80 фоиз мўътадил кўпчилик» қарашларини ифодалашни мақсад қилган.
«Америкада реалда 80 фоизни ташкил этувчи кўпчилик бор, лекин уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи партия йўқ. Буни ўзгартириш вақти келди, деб ўйлайсизми?» — дея мурожаат қилди Маск ўз обуначиларига.
У ўтказган онлайн сўровномада 80,4% қатнашчи унинг ғоясини қўллаб-қувватлаган, фақат 19,6% киши эса бунга қарши фикр билдирган. Маск натижаларни шарҳлар экан шундай ёзди: «Халқ ўз сўзини айтди. Демак, янги партия — тақдирдир.»
Бундай баёнотлар АҚШ сиёсий саҳнасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Маскнинг сиёсатга бевосита қадам қўяётгани баъзиларни ҳайратга солса, бошқалар буни мамлакатдаги сиёсий мувозанат учун фойдали ҳаракат, деб баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Маск аввалроқ Трампнинг солиқ имтиёзларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини омма олдида танқид қилган эди. Бунга жавобан Доналд Трамп уни «ақлдан озган» деб атаган. Шу заҳоти иккаласи ўртасида кескин тортишув бошланди ва у сиёсий қарама-қаршилик даражасига чиқди.
Ижтимоий фикрга кўра, Маскнинг янги партия тузиш ташаббуси нафақат сайловларга таъсир қилиши мумкин, балки АҚШдаги икки партияли тизимнинг мустаҳкамлигига ҳам жиддий саволлар туғдиради.
Zamin.uz таҳририяти Илон Маскнинг бу сиёсий қадами қандай ривожланишини, унинг Трамп билан муносабатлари қай тарзда ўзгаришини ва "Америка партияси" ҳақиқатда ташкил этиладими — барчасини диққат билан кузатишда давом этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар