
Австралия миллий денгиз музейи узоқ йиллик баҳсларга нуқта қўйиб, тарихдаги энг машҳур кемалардан бири – Жеймс Кук бошқарган Endeavour кемасининг ҳалокатга учраган жойини тасдиқлади. Бир неча ўн йиллар давом этган тинимсиз археологик ва тарихий изланишлар натижасида олимлар бу машҳур кема қолдиқларини АҚШнинг Род-Айленд штатидаги Нюпорт бандаргоҳининг лойқа ва сувости қумликлари орасидан топишди.
Австралиянинг шарқий қирғоқларини биринчи бўлиб тадқиқ қилган ва Европа кемалари ичида бу минтақаларга илк марта етиб борган Endeavour кемасининг ҳалокати тарихчилар ва археологлар учун доимо қизиқ бўлиб келган эди. Австралия миллий денгиз музейининг эълон қилган ҳисоботида, кеманинг қолдиқлари ниҳоят қатъий равишда аниқланганлиги ва бу ҳолат кенг жамоатчиликка эълон қилинганлиги айтилмоқда.
Endeavour кемаси 1768 йилда Буюк Британиядан буюк кашфиёт ва тадқиқотлар саёҳатига йўл олганди. Саёҳатнинг асосий мақсади «номаълум жанубий ерларни» илмий жиҳатдан ўрганиб, хариталарда аниқ кўрсатиб бериш эди. Ушбу муҳим экспедиция натижасида Жеймс Кук ва унинг денгизчилар жамоаси тарихда илк бор Янги Зеландия ҳамда Австралия шарқий соҳилларини кашф этган ва аниқ харитага туширишга муваффақ бўлган.
Экспедициядан кейин Англияга қайтиб келган кема кейинроқ сотувга қўйилиб, унинг номи Lord Sandwich деб ўзгартирилган ва ҳарбий мақсадларда ишлатилган. Америка мустақиллик уруши йилларида Британия армияси учун ҳарбий транспорт вазифасини бажарган мазкур кема кейинчалик эскириб, ҳарбий қамоқхона сифатида ишлатила бошланган.
1778 йилда эса, Франция флоти Наррагансетт кўрфазини қамал қилиб олганида, Британия ҳарбийлари стратегик сабабларга кўра бир неча ўнта эски кемаларни атайлаб чўктиришга қарор қилган. Улар орасида машҳур Endeavour ҳам бор эди. Шундан бери кема қолдиқлари айнан қаерда эканлиги маълум бўлмаган ва бу тарихий сир кўплаб олимларнинг диққат марказида бўлиб келган.
1999 йилда бошланган қидирув ишлари чоғида бир қанча кемалар қолдиқлари топилди, аммо уларнинг қайси бири ҳақиқий Endeavour эканлигини аниқлаш осон кечмади. 2022 йилда археологлар Нюпорт сувлари тубида топилган қолдиқлар айнан шу машҳур кеманинг қолдиқлари эканлигини тахмин қилган бўлсалар-да, бир қатор олимлар ва экспертлар бу хулосани эртароқ деб ҳисоблаб, бунга етарли далилларни талаб қилишганди.
Уч йиллик қўшимча тадқиқотлар ва археологик топилмалар ўрганилганидан кейин, Австралия миллий денгиз музейи бу муҳим топилмани охирги ва якуний ҳолда тасдиқлади. Музей раҳбари Дарил Карп барча иштирок этган олимлар ва археологларга миннатдорлик билдириб, бу натижа тарихий тадқиқотлар соҳасидаги йирик ютуқ эканини таъкидлади.
Бугун ушбу сирнинг очилиши нафақат тарихчилар учун, балки Австралия ва бутун дунё денгиз тадқиқотчилари ҳамда тарих ишқибозлари учун ҳам катта воқеа ҳисобланмоқда. Endeavour кемасининг топилиши Тинч океани орқали амалга оширилган буюк тадқиқотларнинг тарихи янада бойиб, унинг сирлари очилиши учун яна бир муҳим қадамдир.
Австралия тарихида муҳим ўрин тутадиган бу кема қолдиқларининг аниқланиши кўп йиллар давомида олиб борилган археологик саъй-ҳаракатларнинг натижасидир. Энди тарихий ва археологик тадқиқотлар соҳасида бу топилма муҳим манба ва рамз сифатида хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар