
Германия ҳукумати эҳтимолий ҳарбий хавфларга қарши фаол тайёргарлик жараёнини бошлади. Федерал фуқаролик муҳофазаси ва табиий офатларга қарши ёрдам агентлиги (BBK) шу йил ёзда бутун мамлакат бўйлаб бомбапаноҳлар ва бошпана инфратузилмасини қайта тиклаш ва кенгайтириш режасини тақдим этади. Бу ҳақда Suddeutsche Zeitung нашри хабар берди.
Агентлик раҳбари Ралф Тислернинг таъкидлашича, мамлакат “вақт билан пойгада” ва ҳозирги геосиёсий вазиятда уруш эҳтимолини инкор қилиш мумкин эмас:
“Кўп йиллар давомида Германияда уруш — тайёргарликни талаб қилмайдиган, фантастик сценарий сифатида кўрилган эди. Энди бу назария ўзгарди. Европа ҳудудида йирик ҳарбий тўқнашув хавфи бор ва биз ҳозироқ тайёргарлик кўришга мажбурмиз”.
BBK раҳбари аввалдан мавжуд туннеллар, метро станциялари, ерости гаражлар, автотураргоҳлар ва жамоат бинолари ертўлаларини қайта кўриб чиқиб, уларни зарурат туғилганда тезкор паноҳгоҳларга айлантиришни таклиф қилмоқда. Бу, унинг ҳисоб-китобига кўра, қисқа вақт ичида 1 миллион нафар одамни ёпиқ ва муҳофаза қилинган жойда жойлаштириш имконини беради.
Мутахассислар таъкидлашича, замонавий бункерларни нолдан қуриш жуда қиммат ва вақт талаб қилади. Шу сабабли ҳозирдаги фуқаролик объектларидан самарали фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Тислер мавжуд ресурсларни “зудлик билан ва диққат билан таҳлил қилиш” зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Германия хавфдан хабардор қилиш тизимини ҳам модернизация қилмоқчи. Бу жараёнда сирена сигналлари, мобил иловалар, махсус йўл белгилари ва хавфли вазиятларда фуқароларни тез эвакуация қилишга ёрдам берувчи воситалар жорий этилади. Ҳукуматга кўра, фуқаролик муҳофазаси соҳасидаги тўлиқ ислоҳот учун тўрт йил давомида камида 10 миллиард евро, яқин ўн йил ичида эса 30 миллиард евро миқдорида маблағ талаб этилади.
Таъкидлаш жоизки, совуқ уруш даврида қурилган 2 мингга яқин бункерлардан фақат чорак қисми ҳозир фаолиятга тайёр ҳолда. Улар атиги 450 минг фуқарони ҳимоя қилиш имконига эга — бу эса мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 0,5 фоизини ташкил этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар