
Россия Қуролли кучлари Украина томонидан амалга оширилган “Паутина” махсус операцияси натижасида жиддий йўқотишларга учради. Хусусан, OSINT таҳлилчилари маълумотларига кўра, ушбу зарбалардан сўнг Россия армияси камида 10 та стратегик бомбардимончи — Ту-95 ва Ту-22М турдаги самолётлардан маҳрум бўлди.
Бу каби йўқотишлар ортидан Москва хавфсизлик чораларини кучайтиришга киришди. Сўнгги сунъий йўлдош тасвирларига асосан маълум бўлишича, Россия бутун мамлакат бўйлаб 14 та ҳарбий база ҳудудида самолётлар учун усти ёпиқ, махсус бошпаналар қуришни бошлаган. Ейск, Курск, Ахтубинск, Миллерово, Приморско-Ахтарск, Липецк, Борисоглебск ва Энгелс сингари базаларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Қримдаги Гвардейское, Саки ва Севастопол каби ҳарбий объектларда ҳам шошилинч равишда хавфсизлик инфратузилмаси янгиланмоқда. Россиянинг бу ҳаракатлари Украина томонидан учирилган дронлар ва ракета зарбаларининг таъсирини камайтиришга қаратилган.
Бошқа томондан, Reuters агентлиги маълумотларига кўра, ушбу самолётларнинг йўқотилиши Россиянинг умумий ядровий салоҳиятига катта таъсир кўрсатмайди. Чунки стратегик ядро қуроллари асосан қуруқликдаги комплекслар ва сувости кемаларда жойлаштирилган баллистик ракеталардан ташкил топган. Аммо ҳарбий авиация салоҳиятининг пасайиши Украинага қарши амалга оширилаётган ҳужумларда қанотли ракеталарни фаол ишлатиш имкониятини чеклаши мумкин.
RUSI таҳлилчиси Жастин Бронкнинг таъкидлашича, мазкур йўқотишлар Россиянинг Аэрокосмик кучлари учун жиддий синов ҳисобланади. Улар армиянинг ҳозирги вақтда “ўз чегарасида” фаолият олиб бораётганини англатади.
Айтиш мумкинки, Украина томонининг “ўта аниқ ва чуқур ўйланган зарбалари” Россияни ўз ҳарбий стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Бошпана қурилишлари орқали Россия эҳтиёт чораларини кўраётган бўлса-да, бу урушнинг янада кескинлашиши эҳтимолини тўлиқ бартараф этмайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар