date
views 34

Британия 400 минг давлат хизматчисини сунъий интеллектга ўқитади

Британия 400 минг давлат хизматчисини сунъий интеллектга ўқитади
Буюк Британия ҳукумати Англия ва Уэлсда фаолият юритаётган барча давлат хизматчиларини сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланишга ўргатишга киришди. Бу ҳақда The Guardian нашри ишончли манбаларга таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида 400 мингдан зиёд давлат хизматчилари махсус ўқув дастури асосида тайёргарликдан ўтказилади. Айни ўқув жараёнлари мамлакатда ҳар йили ўтказиладиган “One Big Thing” деб номланган ислоҳот дастури доирасида амалга оширилади. Унинг мақсади — давлат бошқарувини рақамлаштириш орқали тезкорлик, самарадорлик ва ишончлиликни таъминлаш.

Ўқув машғулотлари 9 июндан бошлаб амалга оширилади. Ҳукуматнинг режасига кўра, хизматчилар сунъий интеллект орқали ўз вазифаларини анча тез ва юксак аниқликда бажара оладиган даражага етиши керак. Бу орқали катта миқдордаги иш юкламасини автоматлаштириш ва анъанавий жараёнларнинг самарадорлигини ошириш режалаштирилган.

Британия ҳукумати давлат тузилмаларидаги ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш мақсадида AI технологияларини кенг жорий этишга катта аҳамият қаратмоқда. Бу жараёнда нафақат давлат ресурсларидан, балки Microsoft, Google ва Amazon каби дунёги етакчи технологик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Айни пайтда давлат хизматчилари учун мўлжалланган “Humphrey” номли сунъий интеллект воситасининг пилот версияси синовдан ўтказилмоқда. У шахсий ёрдамчи вазифасини бажариб, хизматчиларга турли ҳисоботлар тайёрлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқа вазифаларда кўмаклашади.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби ташаббуслар орқали келажакдаги давлат бошқарув тизими рақобатбардош ва технологик жиҳатдан юқори салоҳиятга эга бўлиши таъминланади. Шунингдек, давлат тизимидаги қисқартирилаётган иш ўринларига қарамасдан, хизматчиларнинг вазифаларни бажариш даражаси пастламаслигига эришилади.

Шу билан, Британия давлат хизмати сунъий интеллект воситалари орқали туб ўзгаришларга тайёргарликни бошлаб юборди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия 400 минг давлат хизматчисини сунъий интеллектга ўқитади