
АҚШда сиёсий тортишув янги босқичга кўтарилди. Калифорния штати губернатори Гевин Ньюсом Лос-Анжелесга Миллий гвардия қўшинлари юборилгани учун АҚШ президенти Дональд Трамп, Пентагон ва мудофаа вазири Пит Хегсетга қарши судга мурожаат қилди. Сан-Франциско федерал округ судига тақдим этилган 22 саҳифали шикоятда Трампнинг ҳаракатлари федерал қонун ва конституцияни бузиши қайд этилган.
"Фавқулодда ваколатлар суистеъмол қилинди"
Шикоятда айтилишича, Трамп 7 июнь куни маҳаллий ҳокимият назоратидаги тинч намойишлардан фойдаланиб, фавқулодда ваколат орқали Миллий гвардияни юбориш билан қонуний ҳокимият чегарасини бузган. Бу ҳолат Калифорния суверенитетига ҳамда губернаторнинг миллий гвардия устидан бош қўмондон сифатидаги ваколатларига зид экани таъкидланган.
Штатда ваҳима, марказда танқид
Миллий гвардиядан фойдаланиш натижасида аҳоли орасида ваҳима, таранглик ва ишончсизлик кучайган. Губернатор Ньюсом таъкидлашича, тинчликни таъминлашда полиция етарлича самарали ишлаётган эди ва ҳарбий кучлар зарур эмас эди.
Калифорния бош прокурори Роб Бонта таърифлашича, Трамп мазкур қарор билан 1970 йилда Ричард Никсон фойдаланган қонунга суянди. Ушбу ҳуқуқий механизм охирги марта 1965 йилда Линдон Жонсон томонидан Алабамада қўлланган эди. Бундан буён губернатор розилигисиз ҳарбий кучларни юбориш биринчи марта амалга оширилди.
Оқ уй позицияси: "Шаҳар ёниб кул бўлар эди"
Президент Трамп эса қарорини оқлаб, Миллий гвардияни "ажойиб иш" қилгани учун мақтади. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар киритилмаганида Лос-Анжелес бутунлай назоратдан чиқар эди. Шу билан бирга, у губернатор Ньюсомни зўравонликларга қарши етарлича чора кўрмаганликда айблаб, ҳатто уни ҳибсга олиш мумкинлигини ҳам таъкидлади.
Фон — муҳожирларга қарши рейд ва кенг қамровли намойишлар
Можаро Америка Иммиграция ва Божхона полициясининг (ICE) Лос-Анжелесдаги ноқонуний муҳожирларга қарши рейдидан бошланди. Рейд давомида ўнлаб одамлар ҳибсга олинди. Бу эса кенг кўламли норозилик намойишларига сабаб бўлди. Лос-Анжелес ва Сан-Франциско шаҳарларида кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар ишлатилган.
Қонун устуворлиги синовда
Губернатор Ньюсом Оқ уйнинг қарорини ноқонуний, ҳуқуқий чегарадан ташқари деб баҳолаб, Миллий гвардиячиларни зудлик билан чақириб олишни талаб қилмоқда. Суд қарори нафақат Калифорния келажаги, балки федерал ва штат ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Муҳокама катта: Трампнинг ҳаракати – хавфсизликми ёки ҳокимиятни суистеъмол қилиш?
Жавобни энди суд беради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар