date
views 1 218

Зеленский: “Янги ракета хавфи энди Осиёга ҳам яқинлашмоқда”

Зеленский: “Янги ракета хавфи энди Осиёга ҳам яқинлашмоқда”
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳарбийларининг Шимолий Кореядан келтирилган баллистик ракеталардан яна фойдаланганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш нафақат Европа, балки бутун Осиё минтақаси хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Давлат раҳбари мамлакат мудофаа вазири Умеров билан бўлиб ўтган учрашув чоғида ҳаво мудофааси, дронларга қарши самарали кураш ва ракеталардан ҳимоя масалалари юзасидан кенг кўламли музокаралар ўтказганини маълум қилди.

Зеленский таъкидлаганидек, Россия ва Эрон ўртасидаги дрон технологиялари аллақачон Шимолий Кореяга етиб борган ва бу технологиялар энди глобал хавфга айланмоқда. Унинг фикрича, ҳарбий технологиялар уруш давомида тез суръатда такомиллашмоқда ва уларнинг тарқалиши бутун дунё тинчлигига рахна солиши мумкин.

Президент бу масалани кейин эмас, балки ҳозир ҳал қилиш зарурлигини қайд этди:

“Минглаб янгиланган ‘Шахед’ дронлари ва баллистик ракеталар Сеул ёки Токиони нишонга олгандан сўнг эмас, бугунёқ чора кўрилиши керак. Урушни чўзиш – хавфни кенгайтириш демакдир. Вақт ўтган сари таҳдид глобал тус олмоқда.”

Зеленскийнинг бу огоҳлантируви халқаро ҳамжамиятни жиддий ҳаракатга ундаши керак. Урушнинг локал чегаралардан чиқиб кетиши, айниқса, ҳарбий технологиялар соҳасида, жаҳон миқёсида хавфли тенденцияларни юзага келтириши мумкин. Шу боис, бугунги геосиёсий вазият фақат Украина ёки Европа эмас, балки бутун инсоният учун долзарб муаммога айланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский: “Янги ракета хавфи энди Осиёга ҳам яқинлашмоқда”