
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг сўнгги ракетали ҳужумлари мамлакат учун фақат ҳарбий эмас, балки тарихий ва маънавий йўқотишларга ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан амалга оширилаётган зарбалар нафақат аҳоли турар жойлари, балки юртнинг қадимий, маданий ва диний мерос объектларини ҳам вайрон қилмоқда.
Президент маълум қилишича, Одесса шаҳридаги туғуруқхонага тўғридан-тўғри зарба берилган. Шу билан бирга, Украина кинематографияси тарихида алоҳида ўрин тутадиган Одесса кинофильми студияси ҳам жиддий зарар кўрган. “Бу ўнлаб йиллар давомида шаклланган тарих ва маданиятнинг йўқолишига тенгдир”, деди Зеленский.
Киевдаги София собори – мамлакатнинг энг муқаддас тарихий ёдгорликларидан бири – портлаш оқибатида қисман шикастланган. Зеленский бундай ҳолатни “инсоният қадриятларига қарши ҳужум” сифатида баҳолаб, қуйидагича таъкидлади:
“София соборига етказилган зарар ҳар қандай мусулмон, насроний ёки тарихга ҳурмат билан қарайдиган инсон учун улкан фожеадир. Аммо Россия учун бу мутлақо аҳамиятсиз. Улар фақат вайрона, ҳалокат ва ҳеч нарса қолдирмасликни билади. Бу зўравонликни бутун дунё биргаликда тўхтатиши шарт.”
Президентнинг сўзларидан маълумки, Украина ҳукумати фақат ўз халқини эмас, балки умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилмоқда. Россиянинг бундай ҳаракатлари нафақат Украинага, балки жаҳон маданияти ва цивилизациясига қарши қилинган ҳужум сифатида баҳоланмоқда.
Ҳозирги вазиятда халқаро ҳамжамиятнинг қатъий ва якдил позицияси ҳамда зўравонликни тўхтатишдаги фаол иштирокини талаб этади. Зеро, тинчлик ва тарихий меросни асраб қолиш фақат Украина учун эмас — бутун инсоният учун муҳим вазифадир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар