
АҚШ ҳукумати 2025 йил 30 сентябргача Халқаро Тараққиёт Агентлиги — УСАИДнинг бутун дунё бўйлаб фаолият юритаётган барча хориждаги ваколатхоналарини босқичма-босқич ёпишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Тҳе Гуардиан” нашри ички ҳужжатларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио томонидан юборилган махфий хатга кўра, агентликка қарашли барча халқаро ходимлар лавозимидан озод қилинади ва ташқи ёрдам дастурлари бевосита Давлат департаменти тасарруфига ўтказилади.
Мазкур ўзгариш глобал миқёсда УСАИД тизимида ишлаётган юзлаб мутахассисларга — 100 дан ортиқ мамлакатлардаги дипломатлар, техник ҳодимлар, пудратчилар ҳамда маҳаллий ишчиларга бевосита таъсир қилиши кутилмоқда.
Мутахассислар бу қарорни АҚШ ташқи сиёсатида муҳим бурилиш деб баҳоламоқда. УСАИД кўп йиллар давомида ривожланаётган давлатлардаги инсонпарварлик ёрдами, таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий барқарорлик каби йўналишларда муҳим рол ўйнаб келган эди.
Эндиликда эса бу муҳим дастурлар ва маблағлар устидан тўлиқ назорат АҚШ Давлат департаментининг қўлига ўтади. Бу эса агентлик мустақиллигига чек қўйилиши, ташқи ёрдам сиёсатининг эса янада марказлашган ҳолда олиб борилиши мумкинлигини англатади.
Мутасаддилар бу жараён қандай амалга оширилиши ва унинг халқаро ҳамкорларга қандай таъсир қилиши борасида ҳали расмий баёнот бермаган. Шу билан бирга, бир қатор таҳлилчилар бу ислоҳотлар ортида сиёсий сабаблар борлигини тахмин қилмоқда.
АҚШ ҳукумати бу борадаги якуний қарорни яқин ойлар ичида оммага эълон қилиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар