date
views 778

Дунё бўйлаб можаролар сони рекорд даражага етди

Дунё бўйлаб можаролар сони рекорд даражага етди
2024 йил дунё миқёсида уруш ва можаролар сони бўйича янги рекорд қайд этилди, деб Осло шаҳрида жойлашган Тинчлик тадқиқотлари институти — PRIO’нинг 11 июн куни эълон қилинган ҳисоботида айтиладии. Унга кўра, ўтган йил мобайнида камида битта давлат иштирок этган қуролли тўқнашувлар сони 61 тани ташкил қилди ва бу 36 та давлат ҳудудида рўй берган. Бу кўрсаткич Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейинги ҳар қандай йилдагидан юқори.

PRIO таҳлилчилари таъкидлашича, можаролар сони сўнгги йилларда муттасил ўсишда давом этмоқда. Агар 2022 йилда 56 та, 2023 йилда 59 та қуролли тўқнашув қайд этилган бўлса, 2024 йилда улар сони 61 тага етди. Уларнинг 11 таси кенг қамровли ва жиддий қурбонлар билан боғлиқ урушлар сифатида баҳоланган.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, 2024 йилда глобал миқёсда «иккита асосий уруш» ўз таъсири билан ажралиб турган: Россиянинг Украинага қарши тажовузи ва Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги Ғазо уруши. Уларга кўра, Украинадаги можаро 76 мингга яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, Ғазода эса 26 мингга яқин инсон ҳалок бўлган.

«Можаролар тенденциялари: глобал шарҳ» номли йиллик ҳисоботда PRIO шундай хулоса чиқаради: 2023 ва 2024 йилларда қурбонлар сони деярли бир хил — тахминан 129 минг нафар атрофида бўлган. Аммо зўравонлик даражаси охирги 30 йилдаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори бўлган.

Бу 2024 йилни совуқ уруш тугаган 1989 йилдан бери қуролли можаролардаги ҳалокатлар сони бўйича тўртинчи энг қонли йилга айлантирди. PRIOнинг таҳлили шундан далолат берадики, давлатларнинг ўз ичидаги можаролар ва ҳукуматга қарши қуролли ҳаракатлар ҳам сезиларли даражада кўпайган.

Хусусан, Африка минтақаси бугунги кунда можаролардан энг кўп азият чекаётган ҳудуд сифатида қайд этилмоқда. 2024 йилда континентда 28 та давлатда уруш ва қуролли тўқнашувлар кузатилган. Бу рақам ўн йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баробар кўп. Осиёда 17 та, Яқин Шарқда 10 та, Европада 3 та ва Америка қитъасида 2 та можаро қайд этилган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, можаролар кўламининг кенгайиши, қурбонлар сонининг кўпайиши ва хусусан фуқаролик урушларининг кенг ёйилиши бутун дунёда тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий таҳдид солмоқда. PRIO халқаро ҳамжамиятни узоқ муддатли тинчлик стратегиясини ишлаб чиқишга ва моҳиятан барқарор дипломатик механизмларни жорий этишга чақирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунё бўйлаб можаролар сони рекорд даражага етди