
Россия ҳукумати мамлакатга келаётган мигрантлар учун талабларни кескин оширмоқда. Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцевнинг сўзларига кўра, расман ишламайдиган, ўқимайдиган, бармоқ изини топширмаган ва рус тилини ўрганмаган фуқаролар мамлакатни тарк этиши шарт. Бу ҳақда вазир расмий видеомурожаатида қатъий таъкидлади.
Колоколцевнинг таъкидлашича, Россия кўчалари ва турар жой секторида ноқонуний мигрантлар қолмаслиги лозим. Ҳар бир мигрант жамиятга фойда келтириши, иш билан таъминланиши, ёки таълим олиши, шунингдек, бармоқ изи (дактилоскопия)дан ўтиши ва рус тилини билиш даражасини тасдиқлаши талаб қилинади. Агар бу талаблар бажарилмаса, чет элликлар мамлакатдан чиқариб юборилади.
Россия расмийлари 2024 йил баҳоридан бери миграция сиёсатида янги босқични бошлади. Бу йил бошида махсус реестр — Ички ишлар вазирлиги базаси ишга туширилди. Унда ноқонуний юрган ҳар бир хорижлик ҳақида маълумотлар тўпланади. Шунингдек, мигрантлар фарзандлари мактабга қабул қилинмасидан олдин рус тилидан синовдан ўтиши мажбурий этилди. Махсус жарималар, қоидабузарлик учун жазолар, киришга ва яшашга тақиқлар кучайтирилди.
Россияга энг кўп мигрантлар МДҲ давлатларидан, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан келади. Жорий йилнинг ўзида бу мамлакатлардан юз минглаб киши Россияга кириб келган. Бироқ қонунларнинг қатъийлашиши уларнинг турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мигрантлар ҳуқуқларининг бузилиши бўйича ушбу давлатларнинг расмий идоралари бир неча бор норозилик билдиришган.
Тожикистон ҳукумати Россияда ўз фуқароларига нисбатан киришни чеклаш, тушунарсиз асослар билан чиқариб юбориш ҳолатлари кўпайгани ҳақида расман эътироз билдирган. Қирғизистон элчиси эса Москвадаги рейдлардан сўнг икки мамлакат муносабатларига зарар етмаслиги кераклигини таъкидлаган. Ўзбекистон эса жорий йилнинг июнида Москвада мигрантларга нисбатан куч ишлатилгани бўйича изоҳ сўраб Россия ТИВга нота йўллади.
Миграция бўйича янги қоидалар Россияда ноқонуний яшашни ва ишлашни янада мушкуллаштириб, чет элликларни қонуний фаолиятга ундашни мақсад қилган. Экспертлар эса бу талаблар янги қийинчиликлар, яширин иқтисодиёт ва норозиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар