date
views 2 161

Исроил ҳаво зарбаси ортидан Эрондан қаттиқ қасос таҳдиди

Исроил ҳаво зарбаси ортидан Эрондан қаттиқ қасос таҳдиди
Яқин Шарқда кескинлик янада авж олмоқда. Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон ҳудудига йирик миқёсли ҳаво ҳужуми уюштириб, мамлакатнинг ядровий объектлари, юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва олимларини нишонга олди. Оқибатда тинч аҳоли ва ҳарбийлар орасида кўплаб қурбонлар бўлгани ҳақида маҳаллий манбалар хабар берди.

Тошкент вақти билан тонгги соатларда Эрон қуролли кучлари генерали Аболфазл Шекарчи душманлардан қатъий жавоб кутишларини, қуролли кучлар бундай тажовузга ҳар томонлама тайёр эканини таъкидлади. "Қасос ҳал қилувчи бўлади ва сионистик режим ҳамда АҚШ бунинг ҳаққини тўлайди", – дея қатъий баёнот берди у.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам Исроилнинг ушбу ҳаво зарбаси мамлакат учун оғир оқибатларга олиб келиши, жавоб қаттиқ бўлишини таъкидлади. “Ислом республикаси қуролли кучларининг қудратли қўли душманга ҳеч қачон тинчлик бермайди. Ҳалок бўлган ҳарбий ва олимларимизнинг ўрни тўлдирилади, Аллоҳнинг иродаси билан уларнинг сафдошлари ўз вазифаларини кечиктирмай бажаради”, – деди Хоманаий.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳам БМТ низомининг 51-моддасига асосланиб, мамлакат худудий дахлсизлигига қилинган ҳар қандай ҳужумга қонуний ва қатъий жавоб қайтарилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг бундай кенг қамровли зарбаси АҚШ розилиги ва мувофиқлаштирувисиз амалга ошмас эди. Шунинг учун Вашингтон ҳам бу оқибатлар учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади.

Шу пайтда, АҚШ давлат котиби Марко Рубио амалий операцияда Америка иштирок этмаганини, бу ҳаракатда қатнашмаганини расман билдирди. “Биз бу ҳаракатда иштирок этмаяпмиз ва асосий устувор вазифамиз – минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилиш”, – деди у.

Яқин орада эса минтақа яна бир жиддий сиёсий ва ҳарбий инқироз остидан ўтиши мумкин. Эроннинг кескин баёнотлари ва Исроил томонидан ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши нафақат икки давлат, балки бутун минтақавий хавфсизлик учун жиддий синов бўлиб турибди.

Экспертлар фикрича, ҳозирги вазият ҳар қандай кутилмаган сценарийлар ривожига очиқ, бу эса халқаро ҳамжамиятни жиддий хавотирга солмоқда. Ҳаммаси яқин кунларда қандай қарорлар қабул қилинишига боғлиқ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил ҳаво зарбаси ортидан Эрондан қаттиқ қасос таҳдиди