
Яқин Шарқда хавфли низо авж олиб бораётган бир пайтда, АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг тинч ва сокин позицияси билан жамоатчилик диққатини тортмоқда. У Reuters агентлигига берган телефон интервьюсида Исроилнинг Эронга қарши амалга оширган ҳаво зарбалари ортидан минтақавий уруш бошланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай хавотири йўқлигини билдирди.
Трампнинг таъкидлашича, у аввал ҳам бир неча марта Эронни “ҳақорат, вайронкорлик ва ҳалокатдан қутқаришга” уринишини айтиб келган. Унинг фикрича, Эрон раҳбарияти ҳали ҳам АҚШ билан қандайдир келишувга эришиш имконини йўқотмаган, гарчи улар ҳозирча музокаралар столига ўтиришни рад этаётган бўлса ҳам.
Исроилнинг ҳужуми – "очиқ сир"
Президентнинг сўзларига кўра, Исроил томонининг Эрон ҳудудига зарбаларни амалга ошириш режаси Вашингтон расмийларига аввалдан маълум бўлган. “Бу сир эмасди, ҳамма билади,” деди Трамп.
Шу билан бирга, АҚШ ҳукуматининг расмийлари 15 июн куни Эрон билан навбатдаги ядровий келишув музокараларини ўтказишни режалаштирган, бироқ Трампнинг ўзи бу учрашув амалга ошишига шубҳа билан қарайди. Эроннинг ўзи эса аввалроқ АҚШ билан ҳеч қандай музокараларда иштирок этмаслигини билдирган эди.
“Менга қўнғироқ қилишди – уларнинг аксари йўқ”
NBC News’га берган алоҳида изоҳида Трамп таъкидладики, Исроил ҳужумларидан сўнг Эрон вакиллари унинг ўзини ядровий келишув мавзусида гаплашиш учун излаган. “Менга ўтган сафар музокара қилган одамлар қўнғироқ қилди. Лекин уларнинг кўпчилиги бугунги кунда тирик эмас,” дея кескин баёнот берди АҚШ президенти.
Фордо — навбатдаги нишон
Маълумки, Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эроннинг турли ҳарбий ва ядровий иншоотларига ҳужум уюштирди. Бу ҳужумлар чоғида нафақат юқори лавозимли ҳарбийлар, балки тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган. Эрон эса бунга юзлаб дронлар учириш орқали жавоб берди. Аммо уларнинг барчаси Исроил ҳаво маконига етиб боришидан аввалоқ АҚШ ва Британия кўмагида тутиб қолинди.
Исроилнинг ҳужумлари тўхтагани йўқ — 13 июн куни ҳам Қум вилоятидаги Фордо уранни бойитиш иншоотига зарба берилди. Бу объект тоғлар ичида, тахминан 80 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, Эрон ядро дастурининг энг ҳимояланган нуқталаридан бири ҳисобланади. Исроил томони мазкур иншоотга шикаст етказилганини иддао қилмоқда, аммо расмий тасдиқ ҳали берилгани йўқ.
Нима кутмоқда?
АҚШ ва Исроил ўртасидаги яқин алоқалар ва Трампнинг очиқ баёнотлари Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий ва хатарли йўналишга эга эканини кўрсатмоқда. Эрон эса бу таҳдидларга қандай жавоб қайтаради — бу масалада ҳали кўп саволлар очиқ қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар