
Исроилнинг «Темир гумбаз» мудофаа тизими Эрон ракеталарининг Тел-Авив устидаги ҳужумини қайтармоқда
Leo Correa / AP / Scanpix / LETA
Яқин Шарқдаги вазият яна бир бор кескин тус олди. 13 июнь куни кечқурун Эрон Исроилга юзлаб баллистик ракеталар йўллади. Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида бошланди ва бир неча тўлқинда амалга оширилди. Исроил мудофаа кучлари — ЦАҲАЛ (IDF) — бу ҳолатга зудлик билан жавоб қайтариб, мудофаа тизимларини фаол ишга туширди. Расмий баёнотда аҳолига хавфсиз ҳудудларга яшириниш ва у ерда кейинги кўрсатмаларгача қолиш сўралди.
Қўрқинчли тун: Тел-Авивда портлашлар ва даҳшат
Энг кучли зарбалар Исроил пойтахти Тел-Авивга йўналтирилди. Шаҳар осмонида “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими ишга тушгани, аммо бир неча ракета турар жой ҳудудларига келиб тушгани видеокадрларда аниқ акс этди. Reuters агентлигига кўра, гувоҳлар шаҳардаги портлашлар, ёнғинлар ва паника тўғрисида хабар беришди.

Рамат-Гандаги вайронгарчилик
Тел-Авив агломерациясида камида еттита нуқтада зарбалар қайд этилди. “Едиот Ахронот” ва “12-канал” каби оммавий ахборот воситалари Исроилнинг турли ҳудудларидаги зиён ва вайронагарчилик ҳақида маълумотлар тарқатди. Баъзи турар жой бинолари вайрон бўлган, одамлар ёнаётган биноларда қамалиб қолган. Ўт ўчирувчилар ҳалокатли шароитда одамларни қутқаришга муваффақ бўлди.
Эрондан “Ҳақиқий ваъда-3”: жавоб зарбаси расмийлашди
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эроннинг бу амалиётини “Ҳақиқий ваъда-3” деб атади. Корпус баёнотига кўра, Эрон Исроилдаги ҳарбий базалар, ҳаво ҳудудлари ва стратегик объектларга тўғридан-тўғри зарбалар берган. Ушбу ҳаракат аввалги икки “ваъда” амалиётининг мантиқий давоми сифатида кўрилмоқда — 2024 йил апрель ва октябр ойларида ҳам Эрон Исроилга ракеталар йўллаган эди.

Манбалар Рамат-Ганда бир аёл ҳалок бўлганини хабар қилган
IRNA агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Эроннинг бир нечта ракета зарбалари Исроилнинг Миллий хавфсизлик вазирлиги ёки Мудофаа вазирлигига тегишли бинолардан бирини вайрон қилган. Бу хабар ҳозирча Исроил томонидан расман тасдиқланмади.
Жабрланувчилар ва қурбонлар ҳақида маълумотлар
Расмий маълумотларга кўра, ҳужум натижасида камида 41 киши жароҳатланган, уларнинг аксарияти енгил тан жароҳати олган. Икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Dastlab қурбонлар йўқлиги айтилган бўлса-да, кейинроқ “New York Times” Тел-Авив яқинидаги Рамат-Ган шаҳрида бир аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Ҳужум чоғида Тел-Авив кўчаларидаги вазият
Исроилнинг жавоби: “қизил чизиқ” кесиб ўтилди
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац ўз баёнотида Эроннинг ҳужуми “қизил чизиқ”ни кесиб ўтганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Эрон тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳужум қилгани учун оғир оқибатларга дуч келади. “Оятуллоҳлар режими ўз жинояти учун жавоб бериши шарт”, — деди Кац. Исроил армияси АҚШ билан ҳамкорликда ракеталарнинг кўпини уриб туширганини маълум қилди.
Ҳужум нега юз берди?
Эрон ушбу кенг кўламли ҳужумни Исроилнинг аввалроқ Эрондаги ҳарбий ва ядровий инфратузилмаларга берган зарбаларга жавоб сифатида амалга оширган. Ушбу зарбалар натижасида юқори лавозимли ҳарбийлар, олимлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган эди. Исроил зарбаларидан сўнг Эрон дронлар орқали жавоб қайтарди, аммо улар йўлдаёқ Ироқ, Иордания ва Сурия ҳаво маконларида тутиб қолинган.
Оятуллоҳ Хоманаийнинг баёноти: “Бу уруш бошланиши”
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, Исроилнинг зарбасини расман уруш эълони сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, “Сионистик режим” ўз жиноятининг оқибатларидан қоча олмайди ва “безарар қолиши мумкин эмас”. У Эрон халқига мурожаат қилиб, “бизнинг жавобимиз яримта бўлмайди”, дея қатъий баёнот берди.
Хулоса: Яқин Шарқда янги босқич бошланмоқда
Сўнгги воқеалар шубҳасиз, Яқин Шарқдаги сиёсий ва ҳарбий мувозанатни буткул ўзгартириши мумкин. Эрон ва Исроил ўртасидаги қаршилик ўйин эмас — бу минтақанинг келажагига таъсир қилувчи жиддий синовдир. Жаҳон ҳамжамияти, хусусан, АҚШ ва Европа Иттифоқи бу вазиятни синчковлик билан кузатмоқда. Аммо масаланинг энг асосий нуқтаси шундаки — тинч аҳоли яна қурбон бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар