
Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик янада авж олмоқда. 13 июнь куни кечқурун Эрон давлат телеканали орқали жонли эфирида чиқиш қилган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) раҳбарининг ҳарбий маслаҳатчиси, бригада генерали Аҳмади Ваҳиди Исроилга қарши бошланган «Ҳақиқий ваъда – 3» деб номланган операция тўхтатилишини ҳозирча мақсад қилмаётганини билдирди.
Генерал Ваҳидининг сўзларига кўра, ушбу жавоб амалиёти босқичма-босқич тарзда амалга оширилмоқда ва Исроил ҳудудидаги муҳим ҳарбий ва стратегик объектлар белгиланган нишонлардан бири ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, бу зарур ва мувозанатли чора сифатида кўрилиб, Эрон ушбу операцияни ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бошлаган.
Операция доирасида Исроилнинг марказий қисмида жойлашган Неватим ва Овда ҳарбий авиабазалари, қўмондонлик марказлари, электрон разведка ва бошқарув инфратузилмаларига аниқ зарбалар берилган. Шунингдек, Тел-Авив яқинидаги Тел-Ноф авиабазаси ҳамда Исроил Мудофаа вазирлигига қарашли саноат ва ҳарбий объектлар ҳам нишонга олинган.
Ваҳиди таъкидлаганидек, Эрон амалиётни аниқ стратегик режа асосида олиб бормоқда. Унга кўра, умумий ҳисобда 150 дан зиёд нишон танлаб олинган ва уларга бир неча босқичда ўқ-дорилар йўлланган. Бу эса Эрон томонидан юксак даражадаги разведка ва ҳарбий тайёргарлик натижасида амалга оширилмоқда.
Генерал шундай дейди: “Исроил томони Эронга қарши ҳаракатлари билан оғир хатога йўл қўйди. Улар энди ўз тажовузининг оқибатларига тайёр бўлишлари лозим. Ционистлар режими ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб беради.”
Меҳр ахборот агентлиги хабар беришича, бу операция Эроннинг фақат ҳарбий кучи эмас, балки ахборот уруши, стратегия ва халқнинг қатъий позициясини намоён этувчи улкан синов сифатида баҳоланмоқда. Бу каби йирик ҳарбий амалиётлар минтақа тинчлиги ва халқаро муносабатлар учун катта таъсирга эга бўлиши мумкин.
Айни пайтда, халқаро жамоатчилик ҳар икки томонни вазиятни юмшатишга чорлаётган бир вақтда, Эрон “ҳимоя учун зарба” тамойилидан чекинмаслигини билдирмоқда. “Ҳақиқий ваъда – 3” амалиёти тарихдаги энг катта жавоб амалиётларидан бири сифатида қайд этилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар