date
views 357

Исроил зарбалари Эрон газ ва нефть инфратузилмасини вайрон қилди

Исроил зарбалари Эрон газ ва нефть инфратузилмасини вайрон қилди
Яқин Шарқдаги тобора мураккаблашиб бораётган вазият 14 июнь куни яна бир бор кескинлашди. Куннинг иккинчи ярмида Исроил ҳарбий кучлари Эроннинг стратегик аҳамиятга эга бўлган энергетика объектларини нишонга олди. Бу ҳақда мамлакатнинг давлат ахборот агентлиги Fars ҳамда мухолифатга яқин бўлган Iran International нашри хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, зарбалар мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Канган порти ҳудудидаги “Фажр-Жом” нефтни қайта ишлаш мажмуасига берилган. Шунингдек, дунёдаги энг йирик табиий газ конларидан бири — “Жанубий Парс” инфратузилмаси ҳам ҳужумга учраган.

Iran International маълумотига кўра, “Жанубий Парс” нафақат Эрон, балки Қатар учун ҳам стратегик аҳамият касб этадиган газ кони ҳисобланади. Ҳужум дрон орқали амалга оширилган бўлиб, натижада конда ёнғин юзага келган ва кенг миқёсли зарар кузатилган.

Эрон ОАВлари томонидан тарқатилган кейинги хабарларда таъкидланишича, ёнғинлар маҳаллий ўт ўчирувчилар ва махсус хизматлар томонидан чекланган ва назоратга олинган.

Айтиш керакки, бу ҳужумлар бир кун аввал амалга оширилган ядро объектларига қилинган зарбалар ортидан кузатилди. 13 июнь куни Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Эроннинг Исфаҳон шаҳрида жойлашган уранни қайта ишлаш мажмуасига ҳам катта зарар етказганди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятда жиддий хавотир уйғотган эди.

Шунингдек, 14 июнь куни Исроил армияси расмий вакили чиқиш қилиб, Эроннинг ҳаво мудофаа тизими бутунлай йўқ қилинганини ва мамлакат ҳаво ҳудуди Исроил томонидан тўлиқ назорат қилинаётганини маълум қилди.

Ушбу воқеалар Яқин Шарқдаги можаро янги босқичга кўтарилаётганидан дарак беради. Мутаҳассислар фикрича, Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар нафақат минтақавий, балки глобал энергетика хавфсизлиги учун ҳам катта таҳдид солиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил зарбалари Эрон газ ва нефть инфратузилмасини вайрон қилди