
Яқин Шарқдаги зиддият яна авж олди: 15 июнга ўтар кечаси Эрон томонидан Исроилга йўналтирилган ракеталар оқибатида мамлакат бўйлаб кенг кўламли вайрона ва ҳалокатлар кузатилди. The Times of Israel нашри «Magen David Adom» қутқарув хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, бу фожеали кеча оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ инсон турли даражада жароҳатланган.
Энг кўп қурбонлар қайд этилган ҳудуд — Тел-Авив яқинидаги Бат-Ям шаҳри бўлди. Баллистик ракета кўп қаватли турар-жой биносига келиб урилган ва бу шароитда олти киши, жумладан, саккиз ёшли қизча ҳалок бўлгани маълум қилинди. 180 га яқин одам турли жароҳатлар билан шифохонага олиб борилди, шунингдек, етти киши бедарак йўқолган.
Ҳозирда қутқарув хизматлари харобалар остида омон қолганларни қидиришни давом эттирмоқда. Видеоязувларда уйга ракета урилиши, одамларнинг ваҳимали қичқириқлари ва фожианинг даҳшатли лаҳзалари акс этган.
Исроил шимолидаги Тамра шаҳрида ҳам вазият оғир: бу ерда зарба оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Марҳумларнинг барчаси маҳаллий араб аҳолиси — мусулмон аёллардир. Ҳайфадан 20 километр узоқдаги бу ҳудудда ҳам одамлар орасида чуқур қайғу ва ташвиш кузатилмоқда.
Мамлакат марказидаги Реховот шаҳрида Эрон ракеталари сабаб 40 киши жароҳат олган. Шу шаҳардаги Вейсман илмий-тадқиқот институти қошидаги марказга ҳам зарба берилган ва бинода ёнғин келиб чиққан. The New York Times газетаси гувоҳларга асосланиб, объектда жиддий зарар келтирилгани ва олова хавфи сақланиб турганини маълум қилган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўз баёнотида, энг сўнгги тўлқинда Исроил қирувчи самолётлари учун ёқилғи ишлаб чиқариш объектлари ва энергетика таъминоти марказларига зарба берилганини, бу объектлар буткул йўқ қилинганини маълум қилди. Tasnim агентлигига кўра, бу ҳужумлар Исроилнинг стратегик инфратузилмасига жиддий таъсир ўтказган.
Маълумки, 13 июндан бери Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик кескинлашган: Исроил аввал ядро дастурини йўқ қилиш мақсадида Эрон ҳудудига ҳужум бошлаганди. Ўзаро зарбалар оқибатида нафақат ҳарбийлар ва олимлар, балки кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлмоқда.
Воқеалар ривожини жаҳон ҳамжамияти ташвиш билан кузатмоқда. Инсоний йўқотишлар ва катта вайрона бинолар — ҳар икки томон учун ҳам бағоят оғир ва қайғули оқибатларга сабаб бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар