
Яқин Шарқдаги кескин вазият яна бир жиддий қулоч ёйди: 15 июнга ўтар кечаси Исроил қирувчи самолётлари Эрон пойтахти Теҳрондаги стратегик объектларга — Шаҳрон нефть сақлаш базаси ва Эрон мудофаа вазирлиги биносига авиазарбалар йўллади. Бу ҳақда Tasnim агентлиги ва халқаро оммавий ахборот воситалари маълум қилди.
Маҳаллий манбаларга кўра, ушбу ҳужумларда мудофаа вазирлигининг штаб-квартираси асосий нишон бўлган ва офис биноларидан бирига аниқ зарар етгани қайд этилган. Ҳужум ортидан шаҳардаги асосий ёқилғи омбори — Шаҳрон нефт базасида кучли ёнғин бошланган. The New York Times гувоҳларига кўра, портлаш маҳаллий аҳолига зилзиладек туюлган.
Tasnim нашри маълумотларига кўра, ушбу нефть омборига қилинган зарба оқибатида иккита ёқилғи сақлаш резервуари бутунлай ёнган. Эрон нефть вазирлиги вакиллари қутқарувчилар ёнғинни назоратга олганини ва аҳоли учун ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилишди. Шу билан бирга, Теҳрон нефтни қайта ишлаш заводида ҳам ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ расмий ҳукумат томонидан бу ахборот рад этилди.
Кейинги икки кун ичида Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув янада авж олди. Исроил армияси маълумотларига кўра, 13 июндан буён Эрон ҳудудига 150 га яқин зарба берилган. Аввалроқ, Исроил ядровий объектлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва муҳим ҳарбий инфратузилмага зарбалар берган бўлса, сўнгги икки кунда энергетика объектларига, жумладан, газ ва нефт омборларига ҳам ҳужумлар йўллашни бошлади.
Бунга жавобан Эрон томони ҳам ўз реакциясини кучайтириб, Исроилга 200 дан зиёд баллистик ракеталар ва ўнлаб дронлар йўллаганини маълум қилди. Қарши томонлар ўртасидаги қарама-қаршилик жуда кўп қурбонларга ва катта вайроналикларга сабаб бўлмоқда.
Эрон расмийлари 13 июндаги зарбалар оқибатида 78 киши, 14 июн куни эса Теҳрондаги турар жой бинога ракета тушиши натижасида камида 60 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Reuters агентлиги маълумотига кўра, Исроилда эса Эрон зарбалари оқибатида камида 11 нафар қурбон қайд этилган, уларнинг асосий қисми 15 июнга ўтар кечаси қилинган зарбалар пайтида ҳалок бўлган.
Ҳозирда вазият ўта мураккаб. Ҳар икки давлат ҳам стратегиявий объектларини ҳимоя қилиш ва тинимсиз зарбаларга жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Яқин Шарқдаги ушбу янги босқичдаги тўқнашув халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишига сабаб бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар