date
views 128

Россия ва Украинада Ғарб компаниялари ҳужум остида — янги хавфлар кучаймоқда

Россия ва Украинада Ғарб компаниялари ҳужум остида — янги хавфлар кучаймоқда
Яқин кунларда Украина ва Россия ҳудудида содир бўлган ҳавфли ҳужумлар халқаро жамоатчилик эътиборида турибди. Россия ҳарбийлари 10 июнга ўтар кечаси Американинг машҳур Boeing аерокосмик компаниясининг Киевдаги офисини нишонга олди. Британиянинг Financial Times нашрининг ёзишича, ушбу воқеа бир неча мустақил манбалар ҳамда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати (ФВДТ) томонидан эълон қилинган фотосуратлар билан тасдиқланди. Расмларда бинонинг жиддий шикастлангани, ёнғинни ўчираётган қутқарувчилар ва бўш турган офис намоён бўлган.

Boeing компаниясининг офиси Киев шаҳрининг марказида — Глубочицкая кўчасида жойлашган. Айнан шу манзилда содир бўлган портлашлар ва унга боғлиқ шикастлар ФВДТ ижтимоий тармоқлари ҳамда фотобанкларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Киев шаҳар мэри Виталий Кличко ҳам мазкур ҳужум ҳақида ўз баёнотини берди ва Шевченковский туманидаги бизнес марказига зарба берилганини тасдиқлади.

Воқеа шарҳида Boeing’нинг икки ходими, украиналик расмийлар ва Украина-Америка савдо палатаси президентининг сўзлари келтирилди: уларга кўра, Россия зарбаси компания офисини аниқ нишонга олган ва бу тасодиф эмас, балки аниқ мақсад билан амалга оширилган ҳаракат бўлган. Шу билан бирга, Boeing Украинадаги бўлими бош директори ўринбосари Андрей Корягиннинг таъкидлашича, ҳужумга қарамай, компания фаолиятида ҳеч қандай тўхталиш рўй бермади ва ишлаб чиқариш ҳам, хизматлар ҳам узлуксиз давом эттирилмоқда.

Boeing расмийлари ҳужум юзасидан расмий изоҳ беришдан бош тортган бўлса-да, компания ўз ходимларининг хавфсизлигига жиддий эътибор қаратганини ва жабрланганлар йўқ эканини маълум қилган. “Мураккаб ва хавфли шароитларда ҳам ходимларимизнинг чидамлилиги ва фидойилиги юксак баҳоланади”, — дейилади компания баёнотида.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бу воқеага муносабат билдирар экан: “Россиянинг Америка компанияларига қарши ҳужумлари Путин маъмуриятининг АҚШ ва Ғарб давлатларининг тинчликпарвар саъй-ҳаракатларини очиқ-ойдин эътиборсиз қолдираётганини кўрсатади. Америка бизнеси ва ҳамкорларини нишонга олиш АҚШнинг Украина ва Европа хавфсизлигини таъминлашда иштирокини янада муҳимлаштиради”, — дея таъкидлади.

Boeing – Украинадаги энг машҳур ва йирик Америка компанияларидан бири бўлиб, мамлакатда мингдан ортиқ ходим фаолият юритади. Компания асосан инжиниринг, техник хизмат кўрсатиш, хаво қуроллари ва мудофаа соҳасида фаолият олиб боради. Яқинда, 2024 йилда, Boeing ва Украина миллий “Антонов” авиасозлик компанияси мудофаа лойиҳалари бўйича стратегик ҳамкорлик меморандумини имзолаган. 2025 йил бошида эса Boeing раҳбарлари “Антонов” ва Украина мудофаа вазирлиги билан янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилган эди.

Шу билан бирга, Украина армияси ҳам ўз ҳудудидан ташқаридаги ҳарбий объектларга зарба беришдан тўхтаётгани йўқ. Хусусан, украин дронлари Россиянинг Татаристон вилояти, Елабугасига ҳужум уюштирди — бу ерда “Shaheed” зарбдор дронлари ишлаб чиқариладиган корхона жойлашган. Ҳужум оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, 13 киши эса турли жароҳатлар олди. Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг маълумотларига кўра, парчаланган дрон автомобил заводи ҳудудида ёнғин чиқишига сабаб бўлган ва жабрланганлар орасида оғир аҳволдаги беморлар бор.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси ҳудудида, шунингдек, “Shaheed” дронлари ҳамда Aurus ва “Соллерс” автозаводи объектларида ҳам ёнғинлар бўлгани кўринади. Россия авиация хизмати (Росавиация) ҳужумлардан сўнг Қозон, Ижевск ва Нижнекамск аэропортларида бир неча соат қатъий чекловлар киритди. Айни вақтда 11 та самолёт Қозонга, учта Ижевскка, битта лайнер эса Нижнекамск аэропортига қўна олмай, захира аэродромларга йўналтирилди.

Ушбу ҳодисалар Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро янги босқичга ўтаётганини, Ғарб компаниялари, хусусан Америка бизнеси ва стратегияларининг хавф остида эканини кўрсатмоқда. Мудофаа, авиация ва техник ҳамкорлик соҳаларида ишлайдиган компаниялар учун янги хавфлар ва таҳдидлар кундан-кунга ортмоқда. Бу эса, бутун Европа ва дунё хавфсизлиги учун жиддий хатар ва янада чуқурроқ геосиёсий муаммоларни юзага келтириши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ва Украинада Ғарб компаниялари ҳужум остида — янги хавфлар кучаймоқда