
Яқин Шарқда ўзига хос катта низо ўчоғи пайдо бўлганига уч кундан ошди. Исроил ва Эрон ўртасидаги кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумлари нафақат ҳарбий инфратузилма ва атом объектларига, балки тинч аҳоли яшовчи минтақаларга ҳам жиддий хавф туғдиряпти. Учинчи кунга келиб, ҳар икки давлатда қурбонлар сони ва зарар кўрган объектлар рўйхати ортмоқда.
Исроилдан катта масштабда жавоб зарбалари
Можаронинг учинчи куни Исроил ўз ҳудуди бўйлаб кенг кўламли ракеталар ва аниқ зарбалар амалга оширди. 14 июнь куни кечқурун ислом республикасининг Жанубий Форс минтақасида жойлашган йирик газ конини нишонга олган зарба оқибатида объектда ишлаб чиқариш қисман тўхтатилди. 15 июнга ўтар кечаси эса Теҳрондаги Шаҳрон нефт омбори, Эрон мудофаа вазирлиги қароргоҳи, Мудофаа инновациялари ва тадқиқотлари ташкилоти (SPND) ҳамда Исфаҳондаги уранни қайта ишлаш заводи зарбалар остида қолди. Атом энергетикаси агентлигига кўра, бу ерда тўртта муҳим бинога, жумладан уран конверсияси ва ёқилғи пластиналари цехига ҳам зиён етган. Теҳрон шимоли-шарқидаги турар жой биноси портлаш оқибатида харобага айланган ва кўплаб болалар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Теҳрон аҳолиси Шаҳрон нефт омборидаги ёнғинни кузатмоқда, 2025 йил 15 июн
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Fars агентлигининг хабар беришича, харобалар остида 10 нафар бола ҳалок бўлгани қайд этилган. Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, 80 дан ортиқ стратегик ва ҳарбий объект тунги ҳужумларда нишонга олинди. Уч кунлик тўқнашувда эса 170 дан зиёд манзилга зарба берилган.
Эрондан кутилган қатъий жавоб
15 июнга ўтар кечаси Эрон Исроилга қарши энг қудратли жавоб зарбасини амалга оширди. 80 га яқин баллистик ракета Исроилга йўналтирилди. Тинч аҳолига етган зарар жиддий кўламда: мамлакат шимолидаги Тамра шаҳрида тўрт аёл, Тел-Авив яқинидаги Бат-Ям шаҳарчасида олти киши, жумладан икки бола ҳалок бўлган. Зарба оқибатида кўп қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, қутқарув ишларига Исроил бош вазири Нетаняҳу шахсан ташриф буюрди ва қасос олишга сўз берди.

Исроилнинг Бат-Ям шаҳрида вайрон бўлган бино харобалари остидан қурбонлар ва жабрланганлар қидирилмоқда
Abir Sultan / EPA / Scanpix / LETA
Исроил бўйлаб 200 дан ортиқ одам турли даражада яраланган. Реховот шаҳридаги Вейсман илмий институти ва Ҳайфадаги нефть корхоналари ҳам зарар кўрган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса Эрон ҳарбийлари Исроил қирувчи самолётлари учун ёқилғи ишлаб чиқариш корхоналари ва энергетика марказларига зарба берилганини билдирди. Бироқ бу маълумотни Исроил расмийлари расман тасдиқламади.
Қурбонлар сони ва талафотлар ортиб бормоқда
Можаронинг уч кунлигида ҳар икки давлат тинч аҳолиси ўртасида қурбонлар сони кескин ошди. Исроилда уч кун давомида камида 13 киши ҳалок бўлди ва 200 дан ортиғи яраланган бўлса, Эронда 120 нафардан кўпроқ киши ҳалок бўлди ва 900 киши жароҳат олган. Исроил бу статистикага юқори мартабали ҳарбийлар ва атом дастурида иштирок этувчи муҳандисларни ҳам қўшганини таъкидламоқда.
Исроилнинг аҳолини огоҳлантириши ва янги зарбалар эҳтимоли
Исроил армияси ислом республикаси аҳолисини форс тилида махсус огоҳлантирди: қурол ишлаб чиқариш ва ёрдамчи инфратузилмалар яқинида яшовчи барча фуқаролар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниши лозим. Огоҳлантиришдан сўнг Теҳронда бир нечта портлашлар кузатилди, Валиаср майдонида ва Талегани кўчасида снарядлар тушгани қайд этилди. Турли шаҳарларда бешта автомобил портлатилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Шунингдек, айрим манбаларга кўра, бу портлашларда ядрочи олимлар йўқ қилинган.
The Jerusalem Post манбасига кўра, Меҳробод аэропорти ҳам ҳужумга учраган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведкаси биносига зарба бериб, ташкилот раҳбари Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари ҳалок бўлгани айтилди. Нетаняҳу Fox News’га берган интервьюсида бу маълумотни тасдиқлади. Шунингдек, айрим хабарларда «Теҳрон қассоби» Аҳмадризо Радан ҳам йўқ қилингани қайд этилмоқда.
Дипломатик муроса ва халқаро таҳдидлар
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ядровий қурол бўлмаслигига кафолат берадиган битим имзолашга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШ маъмуриятининг Исроил ҳужумларини режалаштиришда иштирок этганига шубҳа борлигини билдириб ўтди. Эрон минтақадаги можарони тўхтатишга тайёр эканини, фақат Исроил ўз агрессив ҳаракатларини бас қилса, зарбаларни тўхтатишини билдирди.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса Truth Social тармоғидаги баёнотида Эронни жиддий огоҳлантирди: агар Эрон АҚШга ҳужум қилса, тарихда кузатилмаган кучда жавоб зарбаси берилишини айтди. Шу билан бирга, Трамп бу қонли низо бўйича АҚШ иштирокини инкор қилди ва осон келишув билан низони тугатиш мумкинлигини қайд этди.
Уч кунлик кенг кўламли можаро натижасида Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик янада заифлашмоқда. Икки томоннинг тинч аҳолиси ўртасидаги қурбонлар сони ортиб бормоқда, стратегик ва иқтисодий объектлар вайрон бўлмоқда. Дунё ҳамжамияти эса бу низога муносабатда аниқ ва қатъий позицияни эгаллашга ҳали ҳам тайёр эмасдек туюлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар