date
views 152

Исроилда хавфли жосуслик: Эрон билан алоқадор икки фуқаро ушланган

Исроилда хавфли жосуслик: Эрон билан алоқадор икки фуқаро ушланган
Яқин Шарқдаги кескинлашув фонида Исроил хавфсизлик идоралари ўз фуқароларидан икки нафар шахсни Эрон фойдасига жосуслик қилганлик айби билан қўлга олди. Полиция ва мамлакат Умумий хавфсизлик хизмати — ШАБАК (Шин-бет) 15 июнь куни расман баёнот бериб, мамлакатда Эрон манфаатларини кўзлаб амалга оширилган жосуслик фаолиятига қарши кескин чоралар кўрилганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, қўлга олинганлар асли яҳудий бўлиб, улар Эрон томонидан махсус топшириқларни бажаришда гумонланмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги шароитда — Исроилга қарши ракеталар ҳужумлари авжида, аҳоли ва стратегик объектларга доимий хавф туғилиб турган бир пайтда бу каби жосуслик ишлари мамлакат хавфсизлиги учун катта таҳдид саналади. “Биз Эрон билан ҳамкорлик қилган шахслар томонидан мамлакатимизга етказилган зарар ва хавфни ўз кўзимиз билан кўряпмиз”, — дейилади ШАБАК баёнотида.

Исроил разведка хизмати олинган маълумотлар Эрон томонидан Исроилга зарар етказиш учун самарали фойдаланилганини қайд этади. Шу билан бирга, сўнгги кунларда Эрон ҳам ўз ҳудудида Исроил разведка хизмати “Моссад”нинг икки агентини қўлга олганини маълум қилди. Улар портловчи моддалар ва электрон қурилмалар тайёрлашда айбланмоқда.

Маълумотларга кўра, Исроил 13 июн куни Эроннинг ядровий ва ҳарбий инфратузилма объектларига ҳужум бошлаган. Бу вақтда “Моссад”нинг махсус операциялари ҳам амалга оширилган: разведка ходимлари Эрон ҳаво мудофаа тизимлари яқинида аниқлик даражаси юқори қуролларни жойлаштириб, яширинча келтирилган машиналарга махсус зарба бериш тизимлари ўрнатган ва Теҳрон яқинида дронлар базасини ташкил этган.

Ҳарбий-ҳаво кучларининг зарба бериш амалиёти билан бир вақтда, мазкур қуроллар Эрон ҳаво мудофаасини заифлаштириш учун ишга туширилган ва пойтахт атрофидаги муҳим нишонларга ҳужум қилинган.

Ушбу воқеалар икки давлат ўртасидаги махфий курашнинг тобора мураккаблашиб бораётганини яна бир бор тасдиқламоқда. Ҳар икки томонда жосуслар ва махсус хизматлар фаолияти ҳарбий амалиётлар каби ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Можаронинг ҳар бир куни Яқин Шарқ хавфсизлиги учун янги синовлар ва хатарлар билан кечмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилда хавфли жосуслик: Эрон билан алоқадор икки фуқаро ушланган